НАТО ҳарбий юклари Ўзбекистондан ўта бошлади

Ўзбекистон темир йўллари орқали НАТО ҳарбий юклари ортилган контейнерлар Афғонистондан Латвия портларига қадар етказилган. Бу ҳақда Latvijas dzelzceļs матбуот хизмати хабарларига асосланиб, 12uz.com сайти хабар тарқатди.

Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Россия орқали портларга етказиб берилган мазкур юклар Норвегия ва Буюк Британияга тегишли бўлган.

Латвиядан юкларни Афғонистонга етказиб бериш 2009 йилда бошланган бўлиб, уларни қайтариб кетиш 2012 йилнинг майидан бошланган. Ўшандан бери 60 мингдан ортиқ TEU юк ташилган. Бундан ташқари Le Figaro нашрининг Франция армия бош штабига таяниб ёзишича, француз армиянинг буюклари ортилган иккита колонна транспорт воситалари Афғонистон шимолидан йўлга чиққан. Ушбу юклар кейинроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ҳаракатини давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 июнида Тошкентда НАТО ҳарбий-сиёсий блокининг минтақавий ваколатхонаси очилади. Ваколатхона НАТОнинг минтақада барча шериклари — Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон билан мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича вазифаларни бажаради.