Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо зонасига кириш арафасида

CIS

Ўзбекистон Республикасининг МДҲ доирасидаги эркин савдо зонасига кириши ҳақидаги масала шу йилнинг 31 май куни Минскда бўлиб ўтадиган МДҲ ҳукумат раҳбарларининг Кенгаши мажлисида кўриб чиқилади, деб хабар беради РИА Новости.

МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбари Сергей Лебедевнинг айтишича, тегишли баённома лойиҳаси тайёрланган. “Биз баённома имзоланади ва Ўзбекистон Эркин савдо зонасига аъзо бўлади, деб умид қиламиз”, деди у, жумладан.

МДҲ доирасидаги Эркин савдо зона тўғрисидаги шартнома 2011 йилда Россия, Арманистон, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдовия, Тожикистон ҳамда Украина томонидан имзоланган бўлиб, Ўзбекистон, Туркманистон ҳамда Озарбойжон бу масалага кейинроқ қўшилиш истагини билдирган эди. Тожикистон ва Қирғизистон ҳалигача ушбу ҳужжатни ратификация қилгани йўқ.

Шартнома МДҲ ҳудудида аъзо-давлатлар ўртасида савдо алоқаларининг янада ривожланишига шарт-шароит яратиб, Жаҳон савдо ташкилоти нормалари асосида интеграция жараёнларини чуқурлаштиришга ёрдам беради.