Оклахома торнадосидан ўзбекистонликлар жабр кўрмаган

article-0-19ECA80B000005DC-939_634x423

Шу йилнинг 20 май куни АҚШнинг Оклахома штатида юз берган торнадо Америка тарихидаги энг кучли  торнадолардан бири сифатида тарихда қолди. Ўша куни шамол тезлиги соатига 500 километрга етиб, 1999 йилдаги рекордни  янгилади, деб хабар беради ББС.

Торнадо кутилмаганда содир бўлиши, қолаверса, ўта жиддий талафотлари билан кўпчилик ёдида сақланиб қолади. Энг ёмони, уни олдиндан башорат қилиш имкониятлари жуда чекланган. Умуман, метреологларининг ҳисоб-китобича, дунё миқёсида торнадоларнинг учдан икки қисми айнан Америка ҳудудига тўғри келар экан.

Оклахома штатининг Мур шаҳрига ёпирилган торнадо ўз ҳажми ва талафотлари нуқтаи назаридан ўта кучли бўлиб, унинг натижасида 91 киши ҳалок бўлди, уларнинг 20 нафари болалардир. 120 нафар атрофида киши турли даражада тан жароҳати олишди.

Штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган бўлиб, Оқ уй шу кунларда торнадо қурбонлари ва вайронага айланган ҳудудларда инфратузилмаларни тиклаш учун молиявий кўмак ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, торнадо етказган зарар миқдори 3 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов АҚШ Президенти Барак Обамага Оклахома штатида юз берган табиий офат ва унинг оқибатида кўп сонли кишиларнинг ҳалок бўлиши муносабати билан ўз ҳамдардлигини билдирган.

“Ватандош” газетаси ўрганиб чиқишича, Оклахома торнадоси оқибатида ўзбекистонлик ватандошлардан жиддий жабрланганлар қайд этилмаган.

article-2328149-19E7206C000005DC-8_634x449