Саида Раметова ишдан бўшатилган

img835_26919

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова театр раҳбариятини огоҳлантирмай “Андишали келинчак” спектакли намойишига келмагани сабабли ишдан бўшатилган. Бу ҳақда актриса “Даракчи” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

“Ёмон хабарнинг шамол тезлигида тарқалиб кетишига яна бир бор гувоҳ бўляпман. Биласиз, биз актрисалар тўйларга ҳам чиқиб турамиз. “Андишали келинчак” спектакли қўйиладиган куни вилоятдан тўй хизмати олиб қўйган эдим. Шу сабаб, спектаклда қатнаша олмадим. Театр раҳбарияти эса шу қарорга келибди…», деб қайд этади Саида Раметова.

Актрисанинг айтишича, бўлиб ўтган воқеадан сўнг у Ўзбек миллий академик драма театри  маъмуриятига ариза билан мурожаат қилган, аммо аризаси ҳали кўриб чиқилгани йўқ. Бу масала тез орада ҳал бўлса керак.

«Мени бўшатишган тақдирда ҳам ижодим кинода давом этаверади. Устига-устак нафақадаман, балки ўрнимизни ёшларга бўшатиш вақти ҳам келгандир», деб ёзғиради актриса.

 Мазкур масала юзасидан театр маъмурияти Раметованинг аризаси ҳали кўриб чиқилмагани ва бир ҳафта ичида узил-кесил ҳал бўлишини маълум қилишган.