Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларни қуёш батареялари ҳал этиши мумкин

1276789582_s-b2

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда анъанавий энергиялари билан бир қаторда, қайта тикланадиган муқобил энергия манбаларини ўзлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда энергияни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда муқобил энергиядан фойдаланиш кўламини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Гап шундаки, давлат энергия таъминоти корхоналари охирги пайтларда мамлакат аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашнинг тўлиқ уддасидан чиқиша олишмаяпти. Айниқса, қишлой жойларда аҳоли ва ижтимоий инфратузилмани электр билан таъминлашда жиддий муаммолар қайд этилмоқда.

Ўзбекистонлик мутахассисларнинг фикрича, муқобил энергия манбалари орасида қуёш энергияси алоҳида ўрин тутади. Мамлакат қуёш нуридан энергия олиш технологияларини қўллаш учун жуда қулай. Ўзбекистоннинг ялпи қуёш энергиясининг йиллик салоҳияти 50 миллиард 973 миллион тонна нефть эквивалентига тенгдир. Қуёш энергияси экологик софлиги ва қулайлиги нуқтаи назаридан истиқболлидир. Қуёш қурилмалари, айниқса, марказлашган электр ва иссиқлик тизимларидан узоқда жойлашган ҳудудларни электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлашда қулайдир. Шу мақсадда мамлакатимизда бир нечта қуёш электр станцияларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳалар “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ва Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Жорий йилда ўз фаолиятини йўлга қўйган “Solar Energy Products” компанияси мамлакатимизда қуёш панелларини яратиш билан шуғулланади.

– Ўзбекистон аҳолиси, айниқса, чекка ҳудудларда яшайдиган аҳоли учун катта қулайлик яратувчи қуёш батареяларининг юртимизда ишлаб чиқарилаётгани муҳим аҳамиятга эга, – дейди мазкур компания директори Дилшод Шодмонқулов ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Экологик жиҳатдан соф ва етарлича электр энергияси билан таъминлайдиган ушбу панелларимизга нафақат мамлакатимизда, хорижда ҳам қизиқиш катта.