Америка Исроилнинг “катта оғаси” бўлишда давом этмоқда

 

Халқаро миқёсда Сурия масаласи яна кун тартибига чиқмоқда. Куни кеча Оқ уй вакили Жей Карни Исроил томонидан шу йилнинг май ойи бошида Сурия ҳудудидаги объектларга ҳаво зарбаларини қўллаб-қувватлаган. Унинг айтишича, Исроил ҳарбий қуролларнинг “Ҳизболла” гуруҳига етиб боришининг олдини олишга тўла ҳақлидир.

“Биз буни (ҳаво зарбалари) Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш учун суверен ҳуқуқи сифатида тан оламиз”, деди у, жумладан.

Май ойи бошида Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Сурия ҳудуди бўйлаб бир неча учиш тадбирларини ўтказган. Улар “Ҳизболла” учун мўлжалланган ракеталарни ўққа тутишни ният қилишган. Сурия ҳукумати, ўз навбати, бундай хатти-ҳаракат янада такрорланса, уни уруш эълон қилиш билан тенг қабул қилинишини билдирган.

Жей Карни Суриядаги можаролар кўлами Сурия сарҳадларидан чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирган

Исроил махсус хизмати вакилларининг айтишича, Суриядаги можаро якунловчи босқичга яқинлашмоқда. Гап шундаки, қуролланган “мухолифат” сўнгги икки йил давомида ҳукуматга қарши жиддий иш қила олмади.

Бу эса Суриядаги инқилоблар ҳомийлари (Туркия, Қатар, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар)нинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Вазият шу таҳлитда давом этадиган бўлса, Ғарб оммавий ахборот воситаларида Сурия ҳукуматига қарши  турли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилади. Бунда, албатта, Сурияда кимёвий қурол, тинч аҳолига қарши турли қийноқлар қўлланилгани ва бошқа жиддий айбловлар асосида турли баёнотлар қабул қилинади ва оқибатда, ҳарбий аралашув учун вазият яратилади.

 

Бугун BBC янгиликлар хизмати томонидан Сурияда кимёвий қурол қўлланилгани ҳақидаги ахборотларнинг пайдо бўлгани ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки буларнинг барчаси ягона сценарий асосида давом этади.

Расмий Москва ва Пекин Сурия масаласида ҳар қандай ҳарбий чекловларни инкор қилиб келишмоқда. Уларнинг фикрича, бу халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид бўлиб, вазиятни издан чиқаради.

Ғарб мамлакатлари БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳар қанақа резолюцияни ўтказа олишмагач, бугунги кунда БМТнинг Бош Ассамблеяси имкониятларидан фойдаланишга уринишмоқда. Чунончи, Қатар ва Саудия Арабистони томонидан тайёрланган Сурия бўйича резолюцияни 107 та аъзо-давлат қўллаб-қувватлаган, 59 та давлат овоз беришда бетараф қолган. 12 та мамлакат (Россия, Белорусь, Хитой, КХДР, Эрон, Венесуэла ва Сурия) қарши овоз берган. Худди шундай резолюция ўтган йили ҳам қабул қилинган бўлиб, унга 133 та мамлакат ўз овозини берган. 12 та давлат қарши чиққан, 31 давлат бетараф қолган эди. Таҳлилчилар бу ўзгаришни Москванинг сиёсий ютуғи сифатида эътироф этишган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари овоз бериш жараёнида қатнашмаган.