Америкада The Uzbek Times журнали чоп этила бошланди

936487_289963197804700_1194941854_n

Журнал, аввало, Ўзбекистоннинг бир неча минг йиллик тарихини, халқимизнинг бой маданияти, урф-одатлари, қадриятлари, туристик ва инвестициявий салоҳияти ҳақида хорижлик ўқувчиларга ахборот беришни кўзда тутади.

Маълумки, Марказий Осиё нафақат ўзининг кўҳна тарихи, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган қадамжолари билан, балки бугунги кунда ўзининг бой табиий ресурслари, табиат неъматлари, пурвиқор тоғлари, ўзига хос миллат ва элатлари, турли урф-одатлар шаклланган ноёб минтақалардан ҳам ҳисобланади.

Марказий Осиё айни чоғда минтақада хавфсизликни таъминлаш, Афғонистонда тинчликни қарор топтириш, гиёҳвандлик ва терроризмга қарши курашда ҳам сўнгги йилларда муҳим минтақага айланиб бормоқда.

Чор Россияси, қолаверса, собиқ шўролар даврида бу минтақа ҳаёти тубдан ўзгарди, унинг табиий неъматларига қилинган тажовуз пировардида ушбу минтақада экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келди, табиий ресурсларнинг талон-торож бўлишига замин яратди.

Собиқ Иттифоқнинг қулаши билан ушбу минтақа давлатлари янги тизим асосида ўз иқтисодиётини, давлатчилигини барпо эта бошлади. Бугун Қозоғистон нефть ва уран, Туркманистон табиий газ ва бошқа табиий ресурслар, Ўзбекистон эса олтин, газ, пахта экспорти борасида етакчи мамлакатлардан бирига айланди.

Шу билан бир қаторда, ушбу мамлакатларнинг иқтисодиёти, ҳали ишга солинмаган имкониятлари шу даражада кўпки, бу салоҳиятдан самарали фойдаланиш ушбу минтақа аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишда айни муддаодир.

Америкада бир гуруҳ ўзбекистонлик ташаббускор ёшлар Фарҳод Султонов бошчилигида, қолаверса, америкалик етакчи экспертлар ҳамкорлигида ташкил этилган The Uzbek Times журнали, аввало, мана шу минтақа аҳолиси ҳаёти, турмуш-тарзи, минтақанинг бой табиий ресурслари, инвестиция учун қулай ва фойдали соҳалари, Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий интеграциялашуви, жаҳон бозорига изчил қўшилиши, Америка ва Ғарб давлатлари инвесторлари учун кенг, ишончли ва батаафсил ахборот беришни ният қилган.

Журнал икки ойда бир марта чоп этилади. Унда Daniel Graeber, John C.K. Daly, Roman Muzalevsky, Claude Salhani, Stephen Ulph сингари Марказий Осиё давлатлари бўйича катта тажрибага эга мутахассис ва экспертларнинг чиқишлари, фикрлари, таҳлилий мақолалари, қолаверса, минтақа ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига оид янгиликлар, таҳлилий материаллар бериб борилади. Ўйлаймизки, журнал Марказий Осиё мамлакатлари ҳаёти ҳақида ижобий ва холис таассурот шаклланишига хизмат қилади.