Ҳосила Каримова камчиликларини тўғрилашгани учун ташаккур айтди

AFka50o

Ўзбекистонда куй-қўшиқ соҳасидаги муносабатларни тартибга соладиган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси лицензия асосида фаолият юритаётган хонандаларни йиғиб, улар билан қўшиқчилик санъатидаги муаммолар муҳокама қилинган.

Чунончи, йиғилишда эстрада хонандалари томонидан куйланаётган қўшиқларнинг матни, олинаётган клипларнинг мазмуни ва савияси ҳақида жиддий фикрлар янграган.

Шов-шув.ўз сайтининг ёзишича, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов “Бош байрамларимизга қўшиқ тақдим этишда хонандаларни фаолликка чақирган”.

Эстрада хонандаси Ҳосила Каримова эса ўз камчиликларини тўғрилашда ёрдам бергани учун эстрада бирлашмасига ташаккур айтган.

Шов-шув.ўз сайти муаллифи Жасур Ҳамроевнинг ёзишича, “хонандаларнинг репертуарларида учраётган савиясиз қўшиқлар, маъносиз матнлар ва ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган видеоклиплар ҳақида фикр алмашиш ва бунга қарши аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида давра суҳбати ўтказилган”.

Шу билан бир қаторда, тадбирда хонандаларнинг продюсер ва администраторлари билан боғлиқ муаммолар, чунончи, товламачилик каби иллатлар ҳам айтиб ўтилган.

12uz.com сайтининг ёзишича, “Каниза” таҳаллуси остида иож қиладиган хонанда Шаҳризода Аҳмедованинг устидан жиноий иш қўзғатилгани ҳам мазкур давомида айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида ҳам эстрада санъати ривожида шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлигининг аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилганди.

Унда айтиб ўтилганидек, айрим ҳолларда ижодкорлар ўртасида яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани матни, мусиқаси ва ижроси саёз, енгил-елпи, мазмунан ғариб қўшиқлар яратилишига сабаб бўлмоқда. Бу эса томошабин, айниқса, тафаккури энди шаклланиб келаётган ёшларнинг руҳияти, эстетик диди, маданий савияси, дунёқараши, маънавиятига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу боис шоир, бастакор ва хонандалар ўртасидаги ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, эфирга узатилаётган қўшиқлар савиясини доимий таҳлил этувчи бадиий кенгашлар масъулиятини янада ошириш мақсадга мувофиқдир.

Анжуманда қўшиқ яратишда ижодкорлар ҳамкорлигини муайян ижодий лойиҳа тарзида йўлга қўйиш, давра суҳбатлари, маҳорат сабоқлари, жонли мулоқотлар, учрашув ва концертларни мунтазам ташкил этишга оид амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.