Афғонистон мамлакат хавфсизлигини тўлиқ ўз назоратига олди

Afghan-National-Ar_1463656c

Афғонистонда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш тўлалигача Афғонистон ҳарбийлари қўлига ўтди. BBCнинг хабар беришича, Афғонистонда мамлакат хавфсизлиги бошқарувини НАТО ҳарбийларидан афғон хавфсизлик кучларига бериш жараёни якунланди. Ушбу жараён 2011 йилда бошланган эди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ҳамид Карзай сўнгги 95 округни назорат қилишни афғон кучларига топширишга бағишланган расмий маросимда маълум қилган.

НАТО кучлари АҚШ бошчилигида Афғонистонга 2001 йил 11 сентябрдаги террористик ҳужумдан сўнг кириб, толибонлар ҳукуматини ағдарган эди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ва НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен назоратни маҳаллий кучларга топшириш жараёнини тарихий воқеа деб қайд этган.

— Бугун ҳаммасининг бошида бизнинг хавфсизлик ва мудофаа кучларимиз туради, — деди Афғонистон президенти. — Бугундан бошлаб мард ўғлонларимиз мамлакат хавфсизлиги учун барча масъулиятни ўз зиммасига олади.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Афғонистон ҳукумати бутун мамлакат ҳудудини 1989 йил совет ҳарбийлари олиб чиқиб кетилганидан бери биринчи марта назорат қилиш имкониятига эга бўлди.

НАТО кучлари илк марта 2011 йилда Бомиён музофотини назорат қилишни афғон ҳукуматига топширган эди. Сўнгги олти йил ичида Афғонистон армияси ҳарбий хизматчилари сони 40 минг нафардан 350 минг нафарга кўпайтирилди. Аммо НАТО ўз назоратидаги ҳудудларни афғон армиясига топшириши билан афғонистонлик ҳарбийлар ўртасида ўлим ҳолати жадал кўпайиб бормоқда. Айни пайтда Афғонистон ҳукумати армиядан қочиш ҳолатларининг кўплиги боис ҳар йили минглаб аскарларни ҳарбий хизматга чақиришга мажбур бўлмоқда.

НАТО генерали Жозеф Данфорднинг айтишича, бундай ҳолатларга қарамасдан афғон армияси ўз олдига қўйган вазифани уддаламоқда. Хусусан, яқинда Кобулда экстремистларнинг ҳужумига афғон полицияси тезкор гуруҳи ташқи кўмакларсиз барҳам бера олган.

2011 йилда НАТО кучлари сони 140 минг нафардан ошиб, уларнинг 100 минг нафардан ортиғи айнан америкалик ҳарбийларни ташкил этган. НАТО шафелигидаги халқаро хавфсизлик кучлари таркибида 50дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.

2014 йилнинг охирига қадар барча ҳарбий кучлар мамлакатни тарк этади. Уларнинг ўрнини кичик ҳарбий гуруҳлар эгаллайади. Мазкур гуруҳлар афғонистонлик ҳарбийларни ўқитиш ҳамда уларга маслаҳат бериш билан шуғулланади.