Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов СССРни сақлаб қолиш тарафдори бўлган

a

ИТАР-ТАСС

387309
ИТАР-ТАСС

Асли Ўзбекистондан бўлган, россиялик миллиардер Алишер Усмонов ўз назоратидаги “КоммерсантЪ-FM” радиоси мухбирига Санкт-Петерюбургдаги Халқаро иқтисодий форум доирасида интервью берди. Унда миллиардер Россияда бизнес қилиш, ўзининг бизнес фалсафаси ҳақида фикр юритади. Алишер Усмонов, шунингдек, СССРни сақлаб қолишга ҳаракат қилганини айтиб ўтган.

Маълумки, Алишер Усмонов ҳар хил рейтингларга кўра, дунёдаги энг бой ва катта таъсирга эга шахслардан. Унинг фикрича, агар жиддий қаралса, бу босиб ўтган йўлининг, ҳаётининг натижаси. “Агар бу йўл ҳалол ва виждонан босиб ўтилган бўлса, сан умрингни нимагадир шунчаки сарфламаганингни англаб етасан… Албатта, бу рейтингларни жиддий қабул қилмайман, ўзимнинг катта таъсирга эга эканлигимга катта баҳо бермайман”, дейди у.

Россиялик тадбиркорнинг фикрича, СССРни Хитой сценарийси бўйича ривожлантириб бўлмасди. “Бу воқеа аллақачон бўлганлиги боис бу ҳақда ҳозир гапирса бўлади. Биз бир гуруҳ дўстларимиз билан СССРни ривожлантириш конценциясини ишлаб чиққан эдик. Бу концепцияни ҳозирги кундаги айрим мустақил давлатлар раҳбарлари қўллаб-қувватлашига эришишга ҳаракат қилгандим, чунончи, Нурсултон Абишевич Назарбоев тегишли материалларни қўлига олганди. Биз Борис Ельцинга мурожаат қилдик. Кечиккан эдик. Ўртоқ Бурбулис Гайдар билан унга олиб кирган ислоҳотлар қабул қилинган эди”, дейди у, жумладан.

Алишер Усмонов спорт учун хусусий ҳамкор керакми ёки давлат қўллаб-қувватлаши лозимми, деган саволга жавоб берар экан, ҳозирги кунда давлатсиз яна ўша “шок терапияси” бўлади, деб жавоб беради. Спортда ҳаммаси тўғри қилинмоқда, давлат айрим иншоотларни молиялаштиришдаги иштироки орқали ёшлар учун курашади. Чунки ёшлар шунчаки спорт билан шуғулланмаслиги керак, балки соғлом бўлиш маданиятини англаб етиши лозим. Давлат шунинг учун спортни қўллаб-қувватлаши керак.

Алишер Усмонов Facebook компанияси акциядори ҳамда Mail.ru портали хўжайинларидан бири. У интернетнинг сердаромадлигини МДҲда биринчилардан бўлиб англаб етган бизнесмен.

Унинг фикрича, интернет бугун дунёни ўзгартирмоқда. “Бу нарса яхши ёки ёмон, айтиш қийин. Аммо бу юз берган ҳақиқат. Маркс-Ленин таълимотида айтилганидек, бу бизнинг онгимизга боғлиқ бўлмаган ҳақиқат. Чунки дунё мулоқот қилишнинг янги тилини олди. У интернет, деб аталади”, деди у.

Миллиардернинг фикрича, интернетда ҳар бало бор. Ҳаётдаги каби яхши нарса ҳам бор, ёмон нарса ҳам. Бугун интернетдан ғаламислар, террористлар ҳам фойдаланмоқда, уларни у ердан сиқиб чиқариш керак. Аммо интернинг ижобий жиҳатлари ундан-да кўплигини айтади Алишер Усмонов.

Алишер Усмонов интернетдан вақтни ўтказиш учун фойдаланишини айтиб ўтган. “Мен интернет фойдаланувчиман, лекин жуда илғор эмасман”, деб хулоса қилади у.