Ўзбекистон аҳолиси дунёда арақ ичиш бўйича 5-ўринни эгаллаган

images (4)International Wine & Spirit Research экспертлари тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси арақ истеъмоли бўйича дунёда биринчи ўнталикдан жой олган. Ушбу ўнталикда, шунингдек, МДҲдан Россия, Украина, Беларусь ва Қозоғистон вакиллари ҳам ўрин олган. Бу ҳақда The Economist нашри хабар тарқатди.

Биринчи ўнталикдан, шунингдек, АҚШ, Польша, Буюк Британия, Бразилия ва Германия вакиллари ҳам жой олган.

International Wine & Spirit Researchга кўра, дунё аҳолиси 2012 йилда 4,44 миллиард литр арақ истеъмол қилган. Ушбу рўйхатни Россия бошқармоқда. Ушбу мамлакатда қарийб икки миллиард литр арақ истеъмол қилинган бўлиб, бу ҳар бир кишига 13,9 литрдан тўғри келади. Иккинчи ўриндан АҚШ жой олган бўлиб, мамлакатда ўтган йили 0,6 миллиард литр арақ истеъмол қилинган. Ўзбекистон ушбу рўйхатда бешинчи ўринда қайд этилган бўлиб, 0,1 миллиард литрдан ортиқ арақ ичилган. Бу киши бошига 4,4 литрдан тўғри келади, дегани.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўткир алкоголь маҳсулотлари истеъмоли 72 фоизни, пиво 20 фоизни, вино 8 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли ва тарқалишини чеклашга оид қонун қабул қилинган бўлиб, йигирма ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь маҳсулотлари сотилмайди. Қолаверса, мамлакатда алкоголь маҳсулотлари умуман реклама қилинмайди.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг беш ойида Ўзбекистонда спирт ишлаб чиқариш 109,5 фоизга, узум виноси 105,9 фоизга, арақ ва ликер маҳсулотлари ишлаб чиқариш 104,2 фоизга ўсган.