Аюб Шаҳобиддинов: Агар кинорежиссёр ўз фильмининг томоша қилиниш-қилинмаслигидан чўчиса, ўз услуби ва ўрнини йўқотиб қўйиши мумкин»

ayub3Ёш бўлишига қарамай, яратаётган фильмлари юксак эътироф ва қизиқишларга сабаб бўлаётган интилувчан, истеъдодли режиссёр Аюб Шаҳобиддинов ўзининг  «Паризод» фильми яқинда Нью-Йоркда ўтказилган халқаро кинофестивалда, ўтган йили эса Россиянинг Анапа шаҳридаги «Киношок» фестивалида юқори баҳо олишини кутмаганлигини айтади. «Эришилган ютуқларнинг аниқ омиллари ҳақида бирон нарса дейиш қийин. Агар буни билганимизда эди, ҳар бир фильмни суратга олишда шундай услуб ва йўналишга амал қилган бўлар эдик», дейди режиссёр “Адолат” газетасига берган интервьюсида.

Аюб Шаҳобиддиновнинг фикрича, биринчи навбатда, сценарий муаллифи Эркин Аъзамнинг поэтик-реализм услубида ёзилган асарида бир томондан реал ҳаётга, иккинчи томондан бадиий рамзларга мурожаат қилингани, одамларнинг «Пари қиз»га муносабати тимсолида уларнинг ҳаётга, бир-бирларига нисбатан дахлдорлик туйғуси, меҳр-оқибатнинг йўқолаётгани, мўъжизага ишонмай қўйилаётгани нафақат бир миллат ёки мамлакатга, балки умумбашариятга тегишли муаммо эканлиги халқаро мутахассисларнинг юқори баҳоларига сабаб бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фильм кўплаб кинотанқидчилар, киношуносларнинг эътиборига тушди, ҳатто уларнинг айримлари фильм шакли жиҳатидан фестивалга мос эмас, услуби ва муҳити жиҳатидан камтарин ишланган, деган фикрларни ҳам билдиришди. “Айни пайтда «Киношок» фестивалида ҳакамлар ҳайъати раиси ҳисобланган машҳур драматург Владимир Войновичнинг фикрлари ҳеч ҳам ёдимдан кўтарилмайди. Унинг «Айнан шу вазиятда фильмни суратга олишдаги тажрибанинг катта-кичиклиги ҳам, унга сарфланган маблағнинг миқдори ҳам муҳим эмаслиги аён бўлди. Муҳими, «Паризод» фильми томошабиннинг юрак-юрагига етиб бора оладиган фильм эканлигида, шунинг учун ҳам барчамиз ушбу фильмни бир овоздан маъқулладик», деган гаплари ҳанузгача эсимда», дейди таниқли киноижодкор.

Нью-Йоркда ўтказилган фестивалнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда баҳони ҳайъат аъзолари эмас, балки оддий томошабинлар қўйишади ва ҳар бир номинация бўйича энг кўп овозга эга бўлган фильмлар ғолибликни қўлга киритади. «Томошабинлар тақдим этилган 25 фильм орасидан «Паризод»га энг яхши режиссура номинацияси бўйича ғолибликни муносиб кўришган экан, бундай юксак эътироф ва баҳодан хурсанд бўлдим, айни пайтда бундай муваффақиятлар биз, ижодкорларда ўз-ўзига бўлган талабчанликни оширади, деб ўйлайман», деб хулоса қилади режиссёр.

Унинг «Телба», «Ўтов», «Кечиккан ҳаёт», «Паризод» фильмларини томоша қилар экансиз, бош қаҳрамонларингизнинг кўпчилиги оғир-вазмин, камгап инсонлар эканлигига гувоҳи бўласиз. Сўнгги пайтларда халққа тақдим этилаётган тижорат фильмларининг аксариятида комик қаҳрамонлар, ҳолатлар намоён этилиши оммалашган бир пайтда фильмларидаги жиддийлик томошабинларни зериктиришидан чўчимамаслигини айтар экан, режиссёр «Агар ижодкор, айниқса, кинорежиссёр ўз фильмининг томоша қилиниш-қилинмаслигидан чўчиб фаолият юритса, ўз услуби ва ўрнини, маълум маънода ўзлигини йўқотиб қўйиши мумкин», деб ўйлаишини маълум қилди.

— Қаҳрамонларимнинг хулқ-атворига тўхталадиган бўлсак, дарҳақиқат, уларнинг аксарияти камгап, камсуқум, интраверт инсонлардир,—  дейди Аюб Шаҳобиддинов. —  Айнан шундай қаҳрамонларнинг ўзига яраша дарди, ички кечинмасини томошабинга ҳавола этишни яхши кўраман. Мен учун киноқаҳрамон — маънавий етук ва кучли шахс. Шу сабабли баъзан қаҳрамоннинг фикрини, ички оламини унинг ортиқча гап-сўзларисиз ҳам кўрсатиб беришга одатланганман. Негаки, томошабин фильмни кўриб, ўзи хулоса чиқариши, таҳлил қила олиши, керак бўлса, ундан ўрнак олиши ёки аксинча, у қилган хатони қайтармаслиги керак.

Режиссёр сценарий топишига кўп вақт сарфлашини айтиб ўтади. «Авваламбор, сценарий саводли, тушунарли ёзилган бўлиши керак. Айни пайтда суратга тушириш учун тайёр ҳолда ёзилмаган бўлиши менинг қизиқишимни орттиради, сабаби мен режиссёр сифатида асарни ўқиб, уни қандай, қаерда тасвирга олиш жараёни ҳақида бош қотиришни, хаёлот дунёимни ишга солиб, асарни кадрга туширишда ўз услубимда ишлашни маъқул кўраман», дейди у.

Режиссёр яқинда премьераси бўлиб ўтган «Турист» фильми ҳақида тўхталиб, ушбу фильмни ёш актёр ва режиссёр Ёқуб Аҳмедов билан биргаликда суратга туширганини  айтади. «Турист»да ўзига яраша муаммолар гирдобида ўралашиб қолган ёш қизнинг ҳаёти тасвирланган. Шундай кунларнинг бирида аэропортда тўсатдан бир йигит билан танишиб қолади ва уни турист деб фаҳмлайди. Йигит ҳам қизга ростини айтмасдан ўзини турист деб кўрсатаверади ва бу орада ёшлар бир-бирларига кўнгил қўйишади… Романтик-мелодрама жанрида суратга олинган ушбу фильмда нафақат ишқ-муҳаббат тафсилотлари, синовлари, балки гиёҳвандлик сингари иллат, унинг оқибатлари ҳам қораланган.