Тошкентда «Café Scientifique” илм-фан кафеси очилди

uz24.uz
uz24.uz

Тошкентда ихтисослаштирилган кафелар оммалашмоқда. Пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган Bookcafeда Café Scientifiqueнинг илк учрашуви уюштирилди. Uz24.uz сайтининг ёзишича, у ерда кафенинг биринчи илк учрашуви бўлиб ўтди. Оқшом маҳал йиғилган одамлар сонининг кўплигидан оёқ қўйишга ер қолмади, деб ёзади сайт. Даставвал БМТ Тараққиёт дастури вакили сўз олиб, ушбу тадбирнинг мақсадлари ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг Астрономия институти директори Шуҳрат Эгамбердиев астроидлар ҳақидаги маърузасини бошлади. У сўзи аввалида мураккаб мавзу ҳақида содда тилда гапиришини айтиб ўтди. Олим ўз ваъдаси устидан чиқди, нафақат астроидлар ҳақида сўзлаб берди, балки иштирокчиларнинг ўзга сайёраликлар, галактика  ҳамда космос ҳажми ҳақидаги саволларига жавоб қайтарди.

Bookcafe директори Лазиз Адҳамовнинг айтишича, унга ушбу ғояни БМТ Тараққиёт дастури таклиф қилган. Ушбу лойиҳа ёқиб тушган. “Мен ёшларимиз нафақат кино, юлдузлар ҳаёти ва замонавий гаджетларга қизиқишини, балки уларни фан ва китобларга уларга қулай бўлган усулларда қизиқтиришни хоҳлайман”, дейди у, жумладан.

Ҳозирча ҳар ойда бир марта Café Scientifique ўтказилади, масалан, кейинги тадбир Bookcafeнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасидаги филиалида ўтказилади. Директорнинг айтишича, у ерда жой кенгроқ. Қолаверса, кутубхона маъмурияти ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлаган.

Шуни айтиш керакки, Bookcafe Тошкентдаги Вестминстер университети ёнида жойлашган бўлиб, у ерда нафақат қаҳва ва ширинликлар истеъмол қилиш, балки турли жанр ва йўналишдаги асарларни мутолаа қилиш мумкин. Кафе директори Лазиз Адҳамовнинг айтишича, у кафе китоб фондини жаҳон адабиёти дурдоналари ҳамда сифатли бадиий асарлар билан тўлдиришни ният қилган.

uz24.uz
uz24.uz

Умуман, бундай ғоялар Ўзбекистонда кенг қулоч ёйиши кишини қувонтиради. Чунки бу шунчаки тамаддихона эмас, балки адабиёт ва фан йўналишида хотиржам мутолаа қилиш, фикрлашиш учун ҳам қулай маскандир. Bookcafeнинг Café Scientifiqueси оммалашишига умид билдириб қоламиз.

book3