Хитой раҳбари Си Цзиньпин амалдорларни “ерга тушиш”га чақирди

E9EB982C-832C-445F-B806-A0E4F66809AA_mw1024_n_s (1)Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин мамлакатда коррупцияга қарши бўйича янги кампанияни бошлади. У ҳаётдан узоқлашиб кетган партия вакилларига “ерга тушишга” ҳамда тавба қилишни тавсия қилган. Шуни айтиш керакки, Хитойда коррупцияга қарши курашнинг бундай усуллари янгилик эмас. Компартия ва мамлакат асосчиси Мао Цзэдун ҳам шундай талабларни илгари сурган бўлиб, янги мамлакат раҳбари бундай усулга қайтишга қарор қилган.

Си Цзиньпин мамлакатдаги амалдорлар билан видеоконференция орқали мулоқот қилиб, “халқнинг ишончи ва қўллаб-қувватловига эришиш компартия учун ҳаёт-мамот масаласи” эканлигини уқтирган. Мамлакат расмий оммавий ахборот воситалари давлат раҳбарининг “расмиятчилик, бюрократия, ҳузур-ҳаловат, айш-ишрат”га қарши курашиш ҳақидаги сўзларини  алоҳида кўрсатган.

Мамлакат раҳбарининг айтишича, коррупцияга қарши кураш кампанияси одамларнинг ҳамда партиянинг “ўзини тозалаши”га кўпроқ урғу беради. Бу амалиётда партия органлари ва айрим амалдорлар ўз “ахлоқи”ни қайта кўриб чиқишлари тавсия қилинишини англатади. Мазкур кампания давомида тарғибот ишлари кучайтирилади, партия тавсиялари қаттиқлашади, таълим курслари ўтказилади ҳамда давлат хизматчиларининг “ўзини ўз танқид қилиши”га алоҳида урғу берилади.

Таҳлилчилар фикрича, Си Цзиньпин коррупцияга қарши кампаниясини бир қатор вазифаларни амалга ошириш мақсадида олиб боради. Аввало, у шу йўл орқали унга қарши бўлган партия вакилларини “тинчитиши” ҳамда ўз позициясини Мао Цзедун каби мустаҳкамлаб олиши мумкин. У Хитой учун ғоявий раҳбар бўлишни истаётган бўлиши ҳам турган гап.

Айрим эскпертлар, ўз навбатида, Си Цзиньпиннинг Мао Цзедун йўлини танлаётганини катта хавотир билан қарши олишган. Гонгконг университети профессори Вилли Лам Associated Pressга маълум қилишича, “Бундай улкан мамлакат раҳбари Мао усулларига яққол хайрихоҳ бўлиши очиқ хавотир уйғотади. Си ўтмишнинг метафизик сиёсий кампаниясини ўтказмоқчи. Ваҳоланки, тарих одамларнинг онги ва миясини “тозалаш”га қаратилган саъй-ҳаракатлар муваффақиятсизликка учрашиш муқаррарлигини исботлади”.

Хитойда коррупцияга қарши кураш тобора жиддийлашиб бормоқда. Ҳар куни юқори амалдорларнинг фаолиятидаги қинғирликлар очиб ташлангани ҳақида ахборотлар пайдо бўлмоқда. Масалан, яқинда мамлакатнинг собиқ темирйўл вазири Лю Чжицзюнь суд қилинди. У жуда кўп миқдорда пора олганлик ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланди. У “мен барча кучимни “Хитой орзуси”ни рўёбга чиқаришга йўналтиришим керак эди”, деб айтган.

Хитойда 1 миллион юандан (айрим манбаларда бундан ҳам кўп) кўп миқдорида пора олган амалдор қатл қилинади. Уни отиб ўлдириш жараёни телевидение орқали ҳам намойиш этилиши мумкин. Сўнгги йилларда Хитойда ушбу жиноятни содир этганларнинг 10 минг нафардан ортиғи қатл қилинган. Коррупционернинг мулки давлат фойдасига мусодара қилинади, унинг қариндошларига ишлатилган ўқ учун 8 юанлик тўлов талабномаси юборилади.