АҚШ Эдвард Сноуденга сиртдан айблов эълон қилди

101925705_Snouden__razoblachitel_CRU

АҚШ адлия вазирлиги Америка махсус хизмати вакилларининг интернетда шахсий маълумотларни йиғишга доир дастурини кенг жамоатчиликка маълум қилган Эдвард Сноуденга нисбатан расман жиноий иш очди.

Марказий разведка бошқармаси ҳамда АҚШ миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими айғоқчилик ҳамда давлат мулкини ўғирлаганликда айбланмоқда.

Сноуден май ойида махсус хавфсизлик идораларининг шахсларнинг интернетда назорат ва кузатишга оид ахборотини эълон қилгач, Гонгконгга қочиб ўтади. Эълон қилинган махфий маълумотларга кўра, Америка махсус хизматлари мамлакатдаги йирик интернет-компанияларининг серверларига тўғридан-тўғри уланиб, фойдаланувчиларни кузатиб борган, айни пайтда улар миллиондан ортиқ телефон қўнғироқларининг жорий ва эски мулоқотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишган.

АҚШ ҳукумати Сноуденни экстрадиция қилишларини сўраб мурожаат тайёрлашмоқда. Шунингдек, ҳукуматни «сотқин»ни ҳибсга олишга дастлабки ордерни ҳам берган. Сноуденнинг иши Виржиния штати Шарқий округидаги федерал суда кўриб чиқилади.

Қайд этиб ўтиш керакки, 30 яшар Сноуден айғоқчиликда, давлат мулкини ўғирлаганликда ҳамда мудофаа характерига эга ахборотни онгли равишда ошкора қилганликда айбланмоқда.

Сноуден, ўз навбатида, ўзининг экстрадиция қилиниши билан боғлиқ ҳар қандай қарор устидан судга мурожаат қилишини айтиб ўтган. Гонгконг расман Хитойга қарамоғида бўлгани боис ушбу мамлакат вакиллари Сноуденнинг аниқ манзили ҳамда уни АҚШга топшириш истиқболлари ҳақида гапиришни рад этмоқда.

АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси мамлакатдаги йирик технологик компаниялар — Microsoft, Yahoo!, Google, Facebook, AOL, Skype, YouTube ва Apple серверларига тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга бўлган.

PRISM деб ном олган махсус дастур асосида хавфсизлик хизмати ходимлари интернет фойдаланувчилар ҳақидаги ёпиқ ахборотларни, уларнинг аудио ва видеофайлларини, фотосуратларини, электрон почта хабарларини, электрон ҳужжатларини, шунингдек, фойдаланувчиларнинг жойлашган макони, улар билан алоқада бўлган шахслар рўйхатини суд ордерисиз олган ва ўз мақсадлари йўлида фойдаланган. PRISM дастури АҚШ конгресси томонидан тасдиқланган бўлиб, 2007 йилдан бери ишлатилади.

The Washington Post ва The Guardian газеталари Сноудендан олган ахборотни эълон қилиши АҚШда жиддий муҳобасага сабаб бўлди. Маълум бўлишича, Миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси 2007 йилдан бери йирик технологик компанияларнинг фойдаланувчиларининг ёпиқ ахборотларидан фойдаланиб келган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, яқинда АҚШ ҳукумати мамлакатдаги йирик телекоммуникация оператори Verizonдан уч ой ичида АҚШ фуқароларининг телефон мулоқотларини, абонентларнинг қаерда жойлашгани ҳақида ахборотлар Миллий хавфсизлик агентлиги ҳамда ФТБга тақдим этишга мажбур қилди.

Бу ахборот эса PRISM олдида аҳамиятини қарийб йўқотди. Аммо, шуниси ҳам борки, АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари Verizonдан абонентлари ҳақида ахборот тақдим этишни 1978 йилда қабул қилинган Хорижлик айғоқчиларни назорат қилиш тўғрисидаги қонун асосида суд ордери орқали талаб қилди. 100 миллион нафардан ортиқ абонентга эга Verizon айнан шу ордер асосида хавфсизлик идоралари талабини бажарди.

Технологик компаниялар билан боғлиқ ҳолатда эса хавфсизлик идоралари 2007 йилда қабул қилинган Американи муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун талабларини рўкач қилиб кўрсатилмоқда. Ушбу қонунга кўра, Америка хавфсизлик идоралари АҚШдан ташқарида жойлашган халқаро айғоқчилик агентларини кузатиши учун сур ордери талаб қилинмайди. Айнан шу қонун талаблари асосида 2007 йилда PRISM дастури ишга туширилади.

Ушбу дастурнинг мавжудлиги ҳақида бир неча Конгресс аъзоси биларди. Улар ҳам ушбу дастурни ошкор қилмаслик хусусида ёзма тилхат беришган. Ўз навбатида, Американинг технологик компанияларининг “виждони” қийналмаслиги учун 2008 йилда Хорижлик айғоқчиларни назорат қилиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилади. Унга мувофиқ, АҚШ хавфсизлик хизматига маълумотлар йиғишда ёрдам берган компаниялар судга тортилмаслиги кафолатланади.

PRISM дастурига биноан, хавфсизлик хизмати технологик компанияларнинг серверларига тўғридан-тўғри уланиш имкониятига бўлишади. Улар реал вақт режимида тегишли объектни кузатиш имконига эга бўлишади. Миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси ходимлари томонидан кўздан кечирилган ҳар бир ахборотнинг даражаси белгиланади. Агар қийматли ахборот қайд этилса, Миллий хавфсизлик агентлиги тегишли билдирги тайёрлайди. Бундай билдиргилардан ойига камида 2 мингта битилган. 2012 йил давомида уларнинг сони 24005 та бўлиб, бу 2011 йилдагига қараганда 27 фоизга кўп бўлган.

2007 йилги қонунга кўра, АҚШ хавфсизлик хизмати вакиллари мамлакатдан ташқари барча шубҳали объектларни ва улар билан мулоқотда бўлган америкаликлар фаолиятини кузатиб боришини кафолатлайди. Миллий хавфсизлик агентлигининг PRISM дастури бўйича илк ҳамкори 2007 йилда Microsoft бўлган бўлса, 2008 йилда Yahoo!, кейин 2009 йилда Google, Facebook ва PalTalk, 2010 йилда эса — YouTube, 2011 йилда — Skype ва AOL, 2012 йилда эса Apple ҳамкорга айланади.

 The Washington Post  ва The Guardian газеталари махфий манбаларидан олган ахборотга кўра, PRISM дастури йилига америкалик солиқ тўловчиларга 20 миллион долларга айланади.

The Washington Post  ва The Guardian газеталари эълон қилган материалларга Миллий хавфсизлик агентлиги директор Жеймс Клэппер жаҳл билан  баёнотини билдириб, ОАВга бундай ахборотнинг чиқиб кетиши ва унинг эълон қилинишини ножўя хатти-ҳаракат, деб баҳолаган.

Унинг сўзларига кўра, бу “АҚШнинг мамлакат олдида турган кўпсонли таҳдидларни аниқлаш ва уларга муносабат билдириш борасида АҚШнинг имкониятларига узоқ муддатли ҳамда тўғрилаб бўлмайдиган таҳдид солади”.