Миср яна тартибсизликлар қуршовида қолди

AP959635897573_620x350АҚШ давлат департаменти америкаликларни Мисрга сафар қилишдан тийилиб туришга чақирмоқда. Гап шундаки, Мисрда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари тобора авж олмоқда. Айни пайтда АҚШ дипмиссиясига кўмак берувчи персоналларга мамлакатни тарк этишга кўрсатма берилган.

Айни пайтда АҚШ давлат департаменти Мисрда қолаётган америкаларнинг «ҳушёр» туришга чақирган. Ушбу тавсиялар Миср президенти Муҳаммад Мурсий тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувда бир нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлгандан сўнг тарқатилган. Америка фуқароси Искандариядаги тартибсизликларни телефонига суратга олаётган бир пайтда пичоқлаб кетилган.

Сўнгги пайтда мамлакатда амалдаги президент Муҳаммад Мурсийга қарши норозилик ҳаракатлари кучайиб бормоқда. Чунончи, мухолифат вакилларининг Миллий фронти мамлакатда муддатидан аввал президентлик сайловларини ўтказишга 15 миллион нафардан ортиқ имзо йиғишга улгурган. Бу Мурсийга сайловларда овоз берганлар сонидан ҳам кўпдир.

Шуни айтиш керакки, тўқнашув «Мусулмон биродарлар»нинг Искандариядаги қароргоҳида олдида юз берган. Ўнлаб кишилар тан жароҳати олган. Шаҳарда яна бир киши ҳалок бўлган. Намойишчилар партия қароргоҳини қўлга олиб, уни ёқиб юборган.

Маълумки, 30 июнь куни Мурсий ҳокимият тепасига келганига бир йил тўлади. Айнан шу кунга мамлакатда жуда йирик намойишлар ўтказилиши кўзда тутилган.

 Намойишчилар Муҳаммал Мурсийни ҳокимиятда ноқонуний турган деб ҳисоблайди ва унинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Пайшанба куни намойиш ўтказаётган мухолифат коалиция вакиллари Президентнинг сиёсий мулоқотларни қайта тиклашга оид таклифини рад қилди.

Миллий фронт вакиллари ўз баёнотида қарорларининг ўзгармаслигини қайд этиб, умуддатидан олдин сайловлар ўтказилишига эришишларини маълум қилишган. «Миллионлаб одамлар Мисрнинг барча кўча ва майдонларига 25 январь инқилоблари принципларини қайта тиклаш ҳамда ўз умидларини рўёбга чиқариш учун тинч намойишларга чиқади», дейилади баёнотда.

Мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, Қоҳира ва бошқа шаҳарларга ҳарбий кучлар йўналтирилган.

Чоршанба куни марказий телевидение оқали мурожаат қилган Муҳаммад Мурсий жамиятдаги келишмовчилик Мисрни бутунлай издан чиқаришини айтиб ўтган. У айни чоғда оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилиб, сўз эркинлигини суиистеъмол қилмасликни сўраган.

Мамлакатда ёқилғи қўйиш шохобчаларида юз берган бензин тақчиллиги натижасида узундан-узун навбат юзага келиб, мисрликлар норозилигига сабаб бўлди. Миср президенти ушбу вазият учун узр сўради. Аслида одамларнинг кўчаларга чиқишига туртки берган омиллардан бири ҳам шу.

BBCнинг ёзишича, Мурсий аввалига айбдор оҳангда нутқ сўзлаган бўлса-да, кейин кескин у мазкур муаммолар айбдорларини ёмонлашга ўтган. “Мен коррупцияга ботган мамлакат учун жавобгарликни ўз зиммамга олдим ҳамда ўзимга қаратилган кампанияга дуч келдим”, деди у, жумладан.

Унинг фикрича, сиёсий қутблашиш шу даражага бориб етдики, қўлга киритилган демократик ўзгаришларга таҳдид солиб, мамлакатни бутунлай издан чиқариб, бошқариб бўлмайдиган тартибсизларни юзага келтиради. “Мисрнинг душманлари демократияни ер тишлатишга ҳеч қандай кучни аяшмайди”, деди у. У мамлакат конституциясига тузатиш киритиш учун барча партиялар иштирокида музокаралар ўтказилишини маълум қилган.

Мамлакатда қайтадан авж олган намойишлар ва тартибсизликлар оқибатида 200 нафарга яқин киши ҳалок бўлди.

Хроника

2012 йил июнь. Унчалик кўп бўлмаган овоз билан мамлакат президенти этиб сайланди. Армия парламентни тарқатиб юбориш ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, парламентни чақирди.

2012 йил июль. Олий суднинг парламент сайловлари ноқонуний эканлиги ҳақидаги қарорини тан олади.

2012 йил август. Мамлакат мудофаа вазири Ҳусайн Тантауни ва штаб бошлиғи Самий Аннанни истеъфога чиқаради ва ҳарбийларнинг таъсис йиғилишида овоз бериш ҳуқуқини бекор қилади.

2012 йил ноябрь. Кенг кўламли намойишлардан сўнг судларнинг президент фармонини қайта кўриб чиқишни тақиқлаш ҳақидаги фармонини бекор қилди.

2012 йил декабрь. Мамлакатда янги конституция қабул қилинди, унда Ислом қоидалари асосий омил қилиб олинди.

2013 йил март. Суд президентнинг муддатидан аввал  парламент сайловларини ўтказиш ҳақидаги фармонини бекор қилди.

2013 йил июнь. 27 та музофотдан 13 тасига ўз партиясидан бўлган исломий етакчиларни раҳбар этиб тайинлайди.