Эронда президент сайловлари бўлиб ўтмоқда

inside3-1206090_1422141c

Эронликлар бугун мамлакат президенти учун сайловда қатнашмоқда. Мамлакат раҳбарлигига олти киши даъвогарлик қилмоқда, уларнинг тўрт нафари ўта консерваторлардан ҳисобланади. Улардан бири — Ҳасан Ровхоний Ғарб билан алоқаларни яхшилашни илгари сурмоқда.

Аввалига сайловларда иштирок этиш учун 680 нафар киши мурожаат қилган бўлса, улардан 8 нафаригина Эрон конституцияси қўриқчилари кенгашининг “элаги”дан ўтишга муваффақ бўлди. Улардан икки нафари кейинчалик ўз номзодларини қайтиб олишди.

Номзодликка даъвогарлар орасида 30 нафар аёл ҳам бор эди.

Тўрт нафар номзод: Теҳрон ҳокими Муҳаммад Бағир Ғалибоф, мамлакатнинг собиқ ички ишлар вазири Али Акбар Вилоятий, Эрон ислом қуриқчилари корпусининг собиқ қўмондони Муҳсин Ризоий ҳамда Эрон Миллий хавфсизлик хизмати олий кенгаши котиби Саид Жалилийдир.

Таҳлилчилар фикрича, улар орасида ислоҳотчилар сифатида Эрон Миллий хавфсизлик хизмати олий кенгашининг собиқ котиби Ҳасан Ровхонийни баҳолаш мумкин. У аввал Эрон ядро дастури бўйича “олтиталик” билан музокараларда мамлакатдан вакил бўлган эди. Шунингдек, сайловда мустақил номзод мамлакатнинг собиқ почта ва телеграф вазири Саид Муҳаммад Ғаразий иштирок этмоқда.

Ҳозирча сайловда яққол “фаворит”ни кўрсатиш қийин. Тахминларга кўра, ғолибни аниқлаш учун, албатта, иккинчи тур сайловлари ўтказилади. Кузатувчилар фикрича, иккинчи турга Муҳаммад Ғалибоф ва Ҳасан Роухоний чиқиш мумкин.

Сайлов участкалари соат маҳаллий вақт билан 18-00га қадар очиқ бўлади.

Эронда сайловлар жараёнини президент Аҳмадинажоднинг ҳукумати таркибига кирадиган Ички ишлар вазирлиги назорат қилади. Мамлакатда 18 ёшга тўлган эркак ва аёллар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг сони 55 миллион нафарни ташкил этади. Сайловларга халқаро кузатувчилар жалб қилинмаган.