Дунё аҳолиси нимадан қўрқади?

 

“Сизни нима ёки ким кўпроқ қўрқитади?”. АҚШдаги Pew Research ижтимоий тадқиқот компанияси ана шу савол билан дунёнинг 39 мамлакат аҳолисига мурожаат қилди. Унга кўра, дунё аҳолисини ислом терроризми (матнни ўзгартирмадик — “Ватандош”) кўпроқ ташвишга солаётган экан. Масалан, россияликларни қўрқитаётган омиллар ичида биринчи ўринда терроризм турса, айрим мамлакатлар Эрон ва Шимолий Корея ядровий дастуридан ваҳимага тушар экан.

FOX

Умуман, ижтимоий тадқиқот маркази ходимлари инсон учун таҳдид солаётган саккизта омилни санаб ўтишган. Масалан, глобал исиш, ислом ниқоби остидаги террористлар, молиявий беқарорлик, Эрон ва Шимолий Корея ядровий дастури, шунингдек, АҚШ ва Хитойнинг гегемонияси қайд этилган. Россияликлар учун, аввало, терроризм, сўнг молиявий беқарорлик ҳамда иқлим ўзгариши жиддий таҳдид бўлиб кўринган.

Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатлари аҳолисини молиявий беқарорлик қўрқитмоқда. Масалан, Италия ва Буюк Британияда қўрқувлар орасида биринчи ўринда иқтисодий инқироз қайд этилган, Францияда эса ушбу муаммо ислом терроризми билан қарийб бир хил ташвиш уйғотмоқда. Немислар эса террористлар, Эроннинг ядровий дастури ҳамда глобал иқлим ўзгаришидан қўрқишини айтиб ўтишган.

Америкаликлар учун эса энг қўрқинчли нарса Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастури, шунингдек, ислом ниқоби остидаги террористлардир. Канада ва Жанубий Америка аҳолиси эса иқлим ўзгаришларидан хавотир изҳор қилишган. Бу муаммо Осиё мамлакатлари учун ўхшаш натижани кўрсатган. Аммо Жанубий Кореяда қўрқинчли омиллар рўйхатини Шимолия Корея ядровий дастури бошқармоқда.

Pew Research ижтимоий тадқиқот компанияси Хитойнинг кучайиб бориши дунё жамоатчилигини қўрқитиши мумкинилигини ҳисобга олиб, уни саволга киритган эди. Аммо бирор бир мамлакат аҳолиси ушбу давлатдан ҳайиқишини айтмаган.