Америка матбуоти: “Путин ва Обама бир-бири билан бошқа гаплашмасликка келишиб олди”

Obama and Putin at the G8 summit.Ғарб матбуоти Шимолий Ирландияда бўлиб ўтган “G8” саммитини турлича шарҳламоқда. Масалан, машҳур Drudgereport сайти Путин ва Обаманинг юзма-юз ўтирган ҳолдаги суратини эълон қилди. Унинг тагида “Совуқ уруш” деб ёзиб қўйилган эди. Албатта, ўз вақтида бундай суратлар жиддий қабул қилинарди, аммо бугун уларни ҳажвияга йўйиш мумкин, холос, деб ёзади BBCнинг рус хизмати мухбири Владимир Козловский.

New Yorker журнали ўз саҳифаларида Энди Боровицнинг “Обама ва Путин бир-бири билан бошқа гаплашмасликка келишиб олди” деган ҳажвий мақоласини чоп этди.

“Саккизталик” саммити конструктив руҳда якунланди, деб бошлайди муаллиф мақоласини. “Президент Путин ва Обама умумий жиҳатда бир-бири билан бошқа гаплашмасликка келишиб олди”, дейди у. “Шунда яхши бўлади”, деди Обама Путинга қиё ташлаб. “Тўғри айтасиз”, деди Путин унга жавобан: “Шу одамни ҳаддан ташқари ёмон кўраман”.

“Ушбу келишув натижасида иқтисодий ҳамкорлик, киберхавфсизлик, инсон ҳуқуқи, Сурия уруши, New England Patriots мулкдори Робер Крафтнинг “ўғирланган” узуги икки давлат раҳбари ҳеч қачон муҳокама қилмайдиган бошқа 37 масала қаторидан жой олди”, деб ёзади муаллиф. Қолаверса, истиқболда ҳар қандай саммитда агар Путин ёки Обама бир хонага кириб келса, улардан бири, албатта, хонадан чиқиб кетиши керак бўлади.

“Икки давлат раҳбари мислсиз масалаларда, чунончи, бир-бири билан телефон, email орқали алоқа қилмасликка ҳамда бир-бирининг қароргоҳидан 500 фут узоқликда жойлашишга келишиб олди”, деб давом этади юморист.

The Blaze сайти эса Обама ва Путин ўртасидаги муносабатларга бир неча қўшиқ вариантларини тақдим қилади. “Калламга келган биринчи қўшиқ Тейлор Свифтнинг “Биз ҳеч қачон бирга бўла олмаймиз” (“We Are Never Ever Getting Back Together”) композицияси бўлди”, дейди у.

Муаллифнинг ҳамкасблари яна бир қатор мумтоз қўшиқларни таклиф қилишади. Масалан, Айрис Дементнинг “Балки Худо сани кечирар, лекин ман эмас” (“God May Forgive You (but I Won’t)”), N’Syncнинг “Алвидо, алвидо, алвидо”, Spice Girlsнинг “Гудбай” ёки Том Уайтснинг “Хаста жигар ва мажруҳ қалб” қўшиқларини тавсия этишади.

“Atlantic” журнали “Путин “саккизталик”ни қандай енгди” деган сарлавҳада Петр Ельцовнинг мақоласини эълон қилди. “Шимолий Ирландияда “саккизта”ликнинг учрашуви Владимир Путиннинг дипломатик ғалабаси билан тугади”, деб ёзади муаллиф. “Асад кейинги музокаралар босқичига қадар ҳокимиятда қолади, Россия унга Сурияга қурол етказиб беришда давом этади”.

“Путиннинг сиёсий фалсафаси Дэн Сяопин, Августо Пиночет ёки Ҳусни Муборак сингари лидерларнинг дунёқарашларига мос тушади. У либерал демократия ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқи қадриятларига ишонмайди”, давом этади Ельцов.

Муаллифнинг фикрича, Путиннинг ташқи сиёсат йўли тўртта тамойилдан иборат. Булар ҳудудий яхлитлик, сиёсий барқарорлик, шахсий ҳокимият ва миллий суверенитет. Кремлнинг наздида тўртинчи принцип “Ғарбнинг ҳеч қандай аралашувисиз” деган мазмунни беради.

New Yorker журналида чоп этилган публицист Жон Кэссидининг “Саккизталик”, Обама ва Сурия: нега Путин ҳаммадан устун келди?” мақоласи ҳам Ельцовнинг фикрини такрорлайди.

“Москва консенсусни тўхтатиб қўйганлиги боис “саккизталик” аъзолари шалвираган коммюникени қабул қилишга мажбур бўлишди. У “барча масъулиятни ўз зиммасига оладиган ва умумий розилик асосида шакллантирилган ўтиш даври органи”ни тузишга чорлади”, деб ёзади муаллиф.

Кэссидининг фикрича, Путин ҳаммадан устун келди. У ён бермади. “У бунга қандай эришди? Бу жумбоқ эмас. Чунки у нима хоҳлашини бошқалардан кўра яхшироқ билади”, деди у.

Путин Ассаднинг ёнини олиш орқали Россиянинг анъанавий муносабатини акс эттирди. Аввало, у Яқин Шарқда англо-америка таъсирини чеклаш, Москванинг эски шерикларини ҳимоя қилишга интилмоқда.