Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий қилмоқчи

shutterstock_green-growth_71322319

Ўзбекистонда 2013 — 2017 йилларда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Президент қарори билан тасдиқланган мазкур қарор ижроси Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Р.Азимов зиммасига юклатилган.

Унда қайд этилишича, республиканинг экологик сиёсати табиатнинг алоҳида элементларини муҳофаза қилишдан экологик тизимларни умумий муҳофазасига ўтишни амалга оширишга, инсон яшаш муҳитининг мақбул кўрсаткичларини кафолатлашга ва ўзаро алоқани иқтисодиёт тармоқларини “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосан ривожлантириш механизмлари билан уйғунлаштиришга йўналтирилган.

Дастур табиий ресурслардан, шу жумладан, сув, ер, минерал-хом ашё ва биологик ресурслардан оқилона ва комплекс фойдаланиш, ишлаб чиқаришда экологик тоза технологияларни жорий этиш ва технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳисобига ҳаво муҳити, сув ва ер ресурсларининг ифлосланишини босқичма-босқич камайтириш, атроф табиий муҳитни мунтазам баҳолаш ва унинг ижтимоий-экологик ҳолати прогнозини тузиш учун атроф табиий муҳит мониторинги механизмини такомиллаштириш, экологик офат минтақасида — Оролбуйи ва мамлакатнинг бошқа экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларидаги экологик ҳолатни тиклаш ва соғломлаштириш чора-тадбирлари комплексини амалга оширишни кўзда тутади.

Айни чоғда мазкур дастур билан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва йирик шаҳарлар ва аҳоли пунктларидаги канализация тармоқлари тизимлари ва тозалаш иншоотларини яхшилаш, атроф табиий муҳит муҳофазаси соҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш хамда фан ва техника ютуқларидан фойдаланиш чоралари кўрилади.

Тадбирларни амалга оширишга жами 89,39 млрд сўм, 1635,55 млн. АҚШ доллари ва 57,63 млн евро миқдорида маблағлар ажратилиши назарда тутилган.

Шу жумладан, давлат бюджети маблағларидан қарийб 10,12 млрд. сўм, вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, Ўзбекистон ривожланиш ва тараккиёт жамғармаси, банклар кредитлари, шунингдек, жисмоний шахслар ва нодавлат юридик шахслар (ихтиёрий равишда) маблағлари — 79,27 млрд сўм, 1247,14 млн АҚШ доллари ва 57,49 млн еврога яқин, шу жумладан, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг 3 млрд. сўм маблағлари сарфланади. Чет эл инвестициялари ва бошқа халқаро манбаларда — 388,41 млн. АҚШ доллари ва 140 минг евро, шу жумладан, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларига халқаро грантлар 3,52 млн АҚШ доллари ва 140 минг евро йўналтирилади.