Отангиздан пул сўрашни канда қилманг

3V0Ma7k-5I4

Бугун кўплаб мамлакатларда оталар куни кенг нишонланмоқда. Гарчи бу кун бизда байрам сифатида нишонланмаса-да, биз барча оталарга соғлиқ-саломатлик, узоқ умр, бахт тилаймиз.

Ота шунчаки бир оила раҳбари эмас, ота — тарбиянинг боши, ота — масъулият мактаби. Ота қизлар учун суянадиган тоғ, қадрлайдиган инсон. Ота ўғил болалар учун эргашадиган лидер, юлдуз. Аксарият болалар учун ота идеал инсон бўлади, ота ғурур ва фахр тимсоли. Ёшликдан отамиз билан ғурурланамиз, улғайган сари унинг сўзларидан иқтибос келтирамиз, ҳаётлигида яхши кўришимизни кўп ҳам оталарга айтавермаймиз, ота билан масофада туриб гаплашамиз, ҳурмат, қўрқув, унинг ҳавфсаласини пир қилишдан қўрқамиз…

Оталар меҳрини яширади — тарбия учун, муҳаббатини ошкор қилмайди — ота бўлгани учун. Лекин отадек кучли, отадек ғамхўр, отадек сабрли, отадек елкадош одамлар жуда кам. Отангиз юз кирганда ҳам сиз фарзанд, отангиз учун бола эканлигингизни унутманг. Отангиздан “ирими”га бўлса-да, пул сўраб туринг, маслаҳат сўранг… Отангиз берган бир-икки сўм ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги мумкин, муҳими, оталик ва болалик ришталари, ҳаёт қонуниятларини сақлаб турган бўласиз. Чунки сиз боласиз, ота — ота.

Қаерда қандай шароитда бўлсангиз ҳам отангизни бир йўқлаб қўйинг! Телефон қилиш эсдан чиқмасин!

… «Дадажон!»
Мен сизни жуда соғиндим.
Соғиндим иккала кўзим билан тенг.
Келиб қолармишсиз эртами-индин,
Аям шундай деди,
Ростми шу, айтинг?!
Дада,
У кун сизни тушимда кўрдим.
Оқ отда келдингиз,
Сўрадингиз сув.
Мен буни аямга гапириб бердим.
Даданг келади, деб айтди,
Ростми шу?..

Эркин Воҳидовнинг “Нидо” достонидан.