Ҳиндистонда табиий офат 600 нафарга яқин одам ҳаётига зомин бўлди

AFP
AFP

Ҳиндистоннинг тоғли Уттаракҳанд штатида юз берган сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 575 нафардан ошиб кетди. BBCнинг хабар беришича, яна 5000 нафардан ортиқ киши бедарак йўқолган. Штат ҳукумати раҳбари Вижай Бахугуна қутқарув операциясида қатнашаётган армия бўлинмалари қарийб 600 нафар кишининг жасадини топишга муваффақ бўлганини маълум қилган. Аскарлар Ганга дарёсидан нобуд бўлган кишилар танаси олиб чиқишмоқда.

“Ҳимолай тарихида бундай ҳалокат ҳали юз бермаган эди”, деб айтади штат губернатори Вижай Бахугуна.

Армия вакиллари ҳали штатнинг узоқ қишлоқларига бора олгани йўқ. Ҳукумат расмийларига кўра, 50 минг нафардан ортиқ киши ташқи дунёдан узилиб қолган. Расмийлар сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1000 кишидан ошиб кетишини тахмин қилишмоқда. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг бошқа штатларида, шунингдек, қўшни Непалда ҳам сув тошқини натижасида аҳоли ҳалок бўлган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳозир Ҳиндистонда ёғингарчилик фасли ҳисобланади. Июндан сентябрга қадар бу ерда мунтазам ёмғир ёғади. Аммо бу йил Ҳиндистон шимоли ҳамда Непалда ёғингарчилик ҳаддан ташқари кўп кузатилмоқда. Штат расмийлари мазкур табиий офатни “мингйиллик ҳалокати” деб аташмоқда.