ФИФА рефериси Равшан Эрматовнинг Конфедерациялар Кубоги мусобақаларидан четлатилгани ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз

irmatov_BRA_ITAЎзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг ФИФА рефериси Равшан Эрматов билан боғлиқ хабарларга аниқлик киритди.

“ФИФА рефериси Равшан Эрматовнинг Конфедерациялар Кубоги мусобақаларидан четлатилгани ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз. Бразилия ва Италия ўртасидаги ўйинни бошқарган Равшан Эрматов Бразилияда навбатдаги учрашувни бошқаришга тайёргарлик кўраяпти”, дейилади матбуот хизматининг твиттердаги расмий саҳифасида.

Унга кўра, ФИФА рефериси Равшан Эрматов бригадасида ўзгариш кутиляпти. Қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровнинг ўрнини бошқа лайнсмен эгаллаши мумкин.

Интернетнинг жуда кўплаб футболга ихтисослашган сайтларида “Равшан Эрматов хатосини тан олди” деган мазмундаги хабарлар эълон қилинди. Ушбу хабарларда Италия терма жамоасининг Конфедерациялар кубоги мусобақаси доирасида Бразилия дарвозасига урган иккинчи голи кенг муҳокама қилинмоқда.

Uff.uz сайтининг ёзишича, Равшан Эрматов ва унинг гуруҳи Бразилияни тарк этгани йўқ. Улар ҳам Конфедерациялар кубоги мусобақасида бўлиб туришибди. Боз устига, ФИФА Ҳакамлар қўмитаси Италиянинг иккинчи голида ўзбекистонлик рефери қўпол хатога йўл қўйган деб ҳисобламайди. “Эрматов хатосини тан олди” мазмунидаги хабарлар ёлғондан бошқа нарса эмас. Равшан “хато”сини тан олиши учун у кимгадир интервью бериши керак. Мусобақалар пайтида эса ҳакамларнинг интервью бериши мутлақо тақиқланган. Демак, ҳамюртимиз “хато” ҳақида ҳеч кимга гапирмаган. Боз устига, хабарларда номи келтирилган ФИФА матбуот котиби Пекка Одриозола воқеалардан мутлақо узоқ шахс. ФИФА Ҳакамлар қўмитаси матбуот котиби Родриго исмли умуман бошқа журналист ҳисобланади. У эса бундай маълумот тарқатмаган.