Ислом Каримов: «Жиззах шаҳрининг маданий марказини яратишимиз лозим»

    UzA
    UzA

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 19 июнь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Жиззах вилоятида жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 9,7 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 9,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,9, қурилиш ишлари 11,6, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми 10,7 фоизни ташкил қилди. Вилоятни 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилган дастурга асосан 2061 лойиҳани, шу жумладан, 2013 йилда 1381 лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

    Ислом Каримов ҳар бир шаҳарнинг бош режаси устида ишлашда узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозимлигини таъкидлади. Шаҳарда айланма ҳалқа йўлини барпо этиш, кўп тасмали магистраль йўлларни қуриш, коммуникацияларни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, замонавий бино ва иншоотларни барпо этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.

    – Пойтахтимиз Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз тажрибасидан келиб чиқиб, Жиззах шаҳрининг маданий марказини яратишимиз лозим, – деди Ислом Каримов. – Бундай марказ авваламбор аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришига, ҳаётдан завқ олиб яшашига хизмат қилади. Шаҳарда каштан, эман, япон сафораси каби ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилган хиёбонлар ва яшил ҳудудларни барпо этиш ҳам муҳим вазифалардан. Бундай кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари одамларимизнинг дунёқарашини ўзгартиришда, уларнинг янги-янги марралар сари интилиб яшашида муҳим аҳамият касб этади.

    Ислом Каримов Пахтакор туманидаги “Жавлонбек” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар ва вилоят фаоллари билан суҳбатлашди.