Тошкентда Абайга ҳайкал очилади. Қозоғистон ва Ўзбекистон стратегик шерик давлатларга айланади

mezon.uz
mezon.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан 2013 йил 13 июнь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев расмий ташриф билан Тошкент шаҳрига келади. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Икки давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.

Музокаралар якунлари бўйича Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро манфаатли ва кенг кўламли муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа ҳужжатларни имзолаш мўлжалланмоқда.

Mezon.uz сайти хабар беришича, Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани Абай кўчасида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси янги биноси қуриб битказилди. Ҳозир элчихона янги биноси ва атрофдаги ҳудудларда сўнгги тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмоқда.

Элчихона янги биносининг тантанали расмий очилиш маросими 13 июнь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовлар иштирок этишади.