Қирғизистон АҚШ билан ҳарбий база ҳақидаги шартномани бекор қилди

pic_e928260b76ffff96c41699bbdce717a4Қирғизистон парламенти республика ҳудудида АҚШ ҳарбий базасини жойлаштириш ҳақидаги шартномани бекор қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Мазкур қонун бир йўла уч ўқишда кўриб чиқилиб, уни парламент аъзоларининг 91 нафари маъқуллаб, 5 нафари қарши овоз берган. Ушбу қонунга биноан, расмий Транзит ташиш маркази деб номланадиган Америка ҳарбий базаси ҳақидаги шартнома 2014 йилнинг 11 июлидан ўз кучини йўқотади. Мазкур қонун мамлакат президенти имзолаши билан кучга киради.

Аслида АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги ҳарбий базага оид шартнома муддати 2014 йилда тугайди. Уни узайтириш ҳам мумкин. Аммо Қирғизистон расмийлари бир неча бор мазкур шартномани узайтирмасликларини қайд этиб келишади. Энди расмий Бишкек позицияси қонун кучига эга бўлди.

Қирғизистон ҳукумати вакиллари сўзларига кўра, Транзит ташиш марказини номини қандайдир қайта номлаш ҳамда АҚШнинг “Манас” ҳарбий базасида қолиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бу масалага нуқта қўйилди.

АҚШ ҳарбий базаси Қирғизистонда 2001 йилда жойлаштирилган бўлиб, америкалик ҳарбийлар ундан Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиб келмоқда. 2012 йилда Қирғизистон ҳукумати база ижараси учун 60 миллион доллар миқдорида тўлов олган.