Электрон ҳукумат: ҳокимликлар электрон почтани тан оляптими?

images-1_350Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 575 та Uz домени рўйхатга олинган бўлиб, улардан 54 фоизи юридик шахсларнинг веб-саҳифалари ҳисобланса, қолган 46 фоизи жисмоний шахсларга тегишли. “Адолат” газетаси мухбирининг ёзишича, аҳоли энг кўп мурожаат этадиган ва қизиқиш билдирадиган давлат бошқаруви органларидан бири маҳаллий ҳокимликлар ҳисобланиб, бугунги кунга келиб республикадаги барча вилоят ва шаҳарлар ҳокимликлари ўз расмий веб-саҳифасига эга.

Уларда ҳудуд миқёсидаги янгилик ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилиши билан бир пайтда аҳоли узоқ масофадан туриб маҳаллий ҳокимият вакиллари билан интернет орқали алоқада бўлиши, тегишли таклиф ва мурожаатларини масъул шахсларга етказиши имкониятини берувчи «Фуқаролар мурожаати» деб номланувчи алоҳида катта бўлим мавжудлиги халқимизга қулайлик туғдирмоқда.

“Таҳририятимизга келиб тушадиган аксарият мурожаатлар ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиниши учун шикоят қилинаётган ташкилотдан юқорироқ даражадаги инстанцияга жўнатилиши одат тусига айланган”, деб ёзади газета мухбири Саодат Содиқова.

Унинг ёзишича, ана шундай мурожаатлардан бири — Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Ургут туман Ипакли ҚВП ходимларига тегишли эди.

Мурожаатчиларнинг ёзишича, тумандаги эски мактаб биносида ишга туширилган 6 минг кишидан зиёд фуқарога тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга ҚВП учун ажратилган ҳудуднинг маълум қисми туман ҳокимлиги вакиллари томонидан асоссиз олиб қўйилган”.

“Биз ушбу масала юзасидан қонуний қарор ва хулоса тақдим этилишини сўраб, Самарқанд вилоят ҳокимлигининг www.samarqand.uz сайтининг виртуал қабулхонаси орқали хат жўнатдик”, деб ёзади мухбир.

Ўз-ўзидан маълумки, виртуал қабулхонанинг ўзига яраша шакли мавжуд бўлиб, унга мурожаатчининг исм-шарифи ва электрон почтаси, юридик манзили каби маълумотлар киритилиши шарт.

“Мурожаатнинг қисқача мазмуни ва юқорида сўралган маълумотлар киритилгач, менга «тикет рақами» берилди. Бир кундан сўнг сайтнинг «Мурожаатлар ҳолати» бўлимига кириб, электрон почта ва тикет рақамини ёздим ва менга «Сизнинг мурожаатингиз Ургут туман ҳокимлигига кўриб чиқишлик учун юборилди» деган жавоб келганидан хабар топиб, мана, ниҳоят виртуал қабулхона жорий этилгач, аввалги, эскича услуб ўз кучини йўқотар экан, деган фикрга келдим. Бироқ…”, дея гапнинг индаллосига ўтади Саодат Содиқова.

Бироқ «мурожаат ҳолати» ўн кундан сўнг ҳам, бир ойдан сўнг ҳам худди шу алфозда, яъни туман ҳокимлигига ўрганиш учун юборилгани ҳақидаги хабар кўринишида турар, энг қизиғи, «Мурожаат статуси» деган сўз бирикмаси қаршисида «Кўриб чиқилган ва жавоб берилган» жумлалари келтирилган эди.

“Ахир, ҳудудий ҳокимликдан норози бўлган фуқаронинг мурожаати вилоят миқёсида ўрганилиб, тегишли қонуний қарор чиқарилиши, халқона айтганда, ким ҳақ ёки ноҳақ эканлиги вилоят даражасида аниқланиши учун жўнатилган хат яна нима учун ўша ҳудудий ташкилотга жўнатилаётгани ва энг муҳими, Ургут туман ҳокимлигидан ҳеч қандай жавоб келмагани биз, таҳририят ходимларини ўйга толдиради. Шунда ҳам умидимизни узмай, биз 1,5 ой муддатдан сўнг такрорий хат билан яна сайтга мурожаат этиб, Ургут туман ҳокимлигидан ҳеч қандай жавоб бўлмагани ҳақида маълум қилдик”, деб ёзади мухбир.

Орадан роппа-роса 9 кун ўтгач, бизга туман ҳокимлигига қўшимча топшириқ берилгани мазмунидаги жавоб келади.

“Давлат бошқаруви ташкилотларининг очиқлиги, шаффофлиги ҳақида кўп бора тўхталинаётган бир пайтда вилоят ҳокимлиги сайтида «жавоб бердикми, бердик» қабилида иш тутилгани, масала юзасидан бирон-бир таҳлилий-тадрижий маълумот берилмагани фуқароларимизда таажжуб уйғотмайдими?”, деб савол қўяди мухбир ўз мақоласида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган хат нусхасига эса 15 иш кунида жавоб олинган. Унга кўра, «…эски мактаб биноси Ургут туман ҳокимининг 2006 йил 1 августдаги 1250-К-сонли қарори асосида ҚВПга айлантирилган бўлиб, унинг учун 0,4 гектар ер ажратилган, қолган 0,92 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захира ер майдонига олинган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги қароридаги Низомга асосан 2011 йилда Ипакли маҳалласида яшовчи 18 нафар фуқарога 0,04 гектардан уй-жой қуриш учун ажратиб берилган».

“Ватандош” бу мавзуга илгари бир неча маротаба мурожаат қилган эди. Чунки у нафақат мамлакат ичида, балки ташқаридаги ҳамюртларимизга ҳам интерактив хизматларни кўрсатишда айни муддаодир.

Ана шу мақсадларда ўтган йили Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “E-Consul” интерактив хизматини тақдим этган эди. У Ўзбекистон фуқаролари учун хориждаги консуллик ва дипломатик ваколатхоналар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ва самарадорлигини тубдан ошириш, хориждаги муассасалар ўртасида, Ички ишлар вазирилиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида тегишли ахборот олиш жараёнида тезкор алоқаларни таъминлашга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда шу кунларда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси синовдан ўтказилмоқда.