Эрон ядровий дастуридан воз кечиши мумкин

Rowhani_2593909b

Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Gulf газетасига берган интервьюсида айтилишича, Эрон ўзининг уранни 20 фоизгача бойитиш ҳақидаги дастуридан воз кечишига ишора қилган. “Узоқ йиллар давомида биринчи марта бу жараёнда умид учқунлари пайдо бўлди”, дейди Россия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари. “Эронликлар уранни 20 фоиз миқдорида бойитишга оид дастурини тўхтатишга тайёр эканлигини билдиришди”, дейди у, жумладан.

Айнан шундай даражада музокараларни олиб бориш Эрон ва халқаро ҳамжамият ўртасидаги мулоқотларнинг асосий талаби эди. Халқаро ҳамжамият мана шу имкониятдан фойдаланиб, Эронга қарши санкцияларни юмшатиш чораларини кўриш керак, деб айтади Лавров.

“Агар бу имкониятдан фойдаланмасак, буни кечириб бўлмайди”, деди С. Лавров.

Умуман, Ҳасан Руҳонийнинг сайловларда ғалаба қозониши кўпчиликда Эрон ядровий дастури борасида янги умидлар пайдо бўлишига замин яратди. Эроннинг янги президенти кеча қилган баёнотида Эрон ядровий дастурини янада ошкора олиб боришини ҳамда АҚШ билан зиддиятларни бартараф этиш йўлларини излашини маълум қилди.

Аммо Ғарб давлатлари Эроннинг бу қадамларини жиддий баҳоламаяпти. Хусусан, Буюк Британия  ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг Эрон аниқ амалий қадамларни ташламагунича, санкцияларни юмшатиш ҳақида гап бўлмаслигини айтиб ўтди.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам Эрон аниқ қадамлар ташламас экан, иқтисодий санкциялар ўз ўрнида қолишини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Эрон Ислом Республикасида бўлиб ўтган сайловларда, гарчи таҳлилчилар икки турни тахмин қилишган бўлса-да, мамлакатнинг навбатдаги беш йиллик учун президенти номи маълум бўлди. Сайлов натижалари тўлиқ ҳисоб-китоб қилингач, Эрон ички ишлар вазири Мустофа Муҳаммад Нажар Ҳасан Руҳоний 18,6 миллион овоз билан республика президенти этиб сайланди.

Мамлакатда 56 миллион нафардан ортиқ сайловга лаёқатли аҳоли бўлиб, уларнинг 72,7 фоизи, яъни 36,7 миллион нафари сайловларда қатнашган.