АҚШда яна бир “сотқин”га қарши тергов бошланди

James-Cartwright_2602587b

Эдвард Сноуден билан боғлиқ можаролар ҳали совиб улгурмасдан Америкада яна бир шов-шув авж олди. Америка хавфсизлик хизмати вакиллари  АҚШ бирлашган қўмитаси штаби бошлиғининг ўринбосари генерал Жеймс Картрайтни Эрон ядровий иншоотларига уюштирилган киберҳужумлар ҳақидаги ахборотни ошкор қилганликда айбламоқда. Терговчиларга кўра, ўтган йили айнан у мазкур амалиёт ҳақидаги ахборотларни оммавий ахборот воситаларига ошкор қилган бўлиши мумкин.

Америка хавфсизлик хизмати вакилларининг Эрон ядровий дастурларига қарши «Олимпиада» деб номланган операцияси ҳақида 2010 йилда кенг жамоатчиликка маълум бўлди. Экспертлар фикрича, айнан шу амалиёт Эрон ядровий дастурини 1,5-2 йилга кечиктириб туришга мажбур қилган. Маълумки, Ғарб Эроннинг ядровий дастурларини атом қуроли яратиш билан боғлиқ деб ҳисоблайди. Аммо компьютер вирусининг кодли дастурида бироз вақт носозлик юзага келгач, у Эрон компьютер тармоқларидан ташқарига чиқиб кетади ва бу ҳақда ОАВ хабар топади. Аммо узоқ вақт давомида операция ҳақида маълумотлар, унинг ташаббускорлари ҳақида ҳеч қандай ахборот эълон қилинмади. Аммо 2012 йилда The New York Times нашри ушбу лойиҳа ҳақида айрим маълумотлар жамоатчиликка маълум қилинган. Унда қайд этилишича, “Олимпиада” лойиҳасини амалга оширишда “асосий шахслардан бири” АҚШ бирлашган штаби қўмитаси бошлиғи ўринбосари Жеймс Картрайт бўлган. Федерал тергов бюроси тахминича, айнан унинг ўзи бу ахборотни жамоатчиликка етказган бўлиши мумкин.

Америка оммавий ахборот воситаларига кўра, АҚШнинг Эрон ядровий дастурларига киберҳужум Жорж Буш (кичик) президентлиги давридаёқ бошланган, Обама ҳокимият тепасига келгач, ушбу лойиҳани кучайтиришни талаб қилади. The New York Times газетасига кўра, АҚШ ушбу масалада Исроил махсус хизмати вакиллари билан ҳамкорлик қилган. Улар Stuxnet вирусини ишлаб чиқишда фаол қатнашади.

Россиялик ва эронлик экспертларнинг фикрича, Stuxnet Эрон ядровий дастурига қарши АҚШ ва Исроил махсус хизмати вакиллари томонидан ишлаб чиқилган ягона дастур эмас. Ўтган йили яна бир кучли вирус — Flame Эрон ядровий дастурини мўлжалга олди. Ушбу вирус Сурия, Судан ва Ливан сингари Яқин Шарқ давлатлари мудофаа тизимларига жиддий таҳдид солган эди. Унгача Эрон ядровий дастури Duqu вируси ҳужумига учраган эди. Айтишларича, ушбу вирус муаллифлари ҳам АҚШ ва Исроил махсус хизмат вакилларидир.