Абдулазиз Комилов Покистоннинг янги тайинланган элчисини қабул қилди

    Газета.uz/ Анвар Ильясов («Жахон» AA)
    Газета.uz/ Анвар Ильясов («Жахон» AA)

    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 24 июнь куни Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистонга қайта тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Риёз Ҳуссайн Бухорийдан ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилди.

    Gazeta.uz сайтининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беришича, учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, чунончи, давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Шу билан бирга, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга масалалар юзасидан фикр алмашилди.

    Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон ва Покистонда ўзбек ҳамда урду тилларини ўрганиш марказлари фаолият юритмоқда. Икки юртнинг илм-фан, маданият ва санъат аҳли Ўзбекистон ҳамда Покистонда ўтказиладиган илмий-амалий конференцияларда, фестиваль ва бошқа маданий тадбирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

    Ўзбекистонда покистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган 70дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур мамлакатнинг ўнга яқин фирма ва компанияси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган.