Наманган шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Namangancity.uz
Namangancity.uz

Шу йилнинг 4 июн куни Наманган шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг капитал   қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган Дадабоев Тўлқин Тулянович ўрнига шаҳар ҳокимини тайинлаш масаласи  кўриб чиқилди. Бу ҳақда шаҳар расмий сайти орқали хабар берилди.

Депутатлари сессия котибини тасдиқлаб олганлардан сўнг, вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Б.Юсупов маъруза қилди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими йиғилиш кун тартибига қўйилган асосий масала юзасидан вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига номзод қилиб шу кунга қадар Наманган шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Дадабоев Тўлқин Тулянович тайинлангани муносабати билан Наманган шаҳар ҳокимлигига  шу вақтга қадар Наманган тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Баҳодир Бекхўжаев номзодини кўрсатиб ўтди.

Номзод юзасидан сўз олган халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатлари Баҳодир Бекхўжаевни Наманган шаҳри муаммо ва имкониятларини яхши билишини, кўп йиллик тажриба ва салоҳиятга эга, қаерда, қандай лавозимда ишламасин ўз ишига жиддий масъулият ва эътибор билан ёндашишини қайд этдилар.

Сессия якунида Баҳодир Бекхўжаев билдирилган ишончга муносиб фаолият олиб боришга, шаҳар равнақи, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга бутун куч ва имкониятини сарф этишини билдирди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Борийхон Умарханов, Вазирлар Маҳкамасининг Департамент мудири Нодирхон Хоновлар иштирок этдилар.