Ҳасан Руҳоний — Эроннинг янги президенти. Ундан нима кутиш мумкин?

rowhani_AP786263256785_620x350

Эрон Ислом Республикасида бўлиб ўтган сайловларда, гарчи таҳлилчилар икки турни тахмин қилишган бўлса-да, мамлакатнинг навбатдаги беш йиллик учун президенти номи маълум бўлди. Сайлов натижалари тўлиқ ҳисоб-китоб қилингач, Эрон ички ишлар вазири Мустофа Муҳаммад Нажар Ҳасан Руҳоний 18,6 миллион овоз билан республика президенти этиб сайланди. Шуни айтиб ўтиш керакки, Эронда сайлов жараёнларини Ички ишлар вазирлиги ўтказади ва назорат қилади.

Мамлакатда 56 миллион нафардан ортиқ сайловга лаёқатли аҳоли бўлиб, уларнинг 72,7 фоизи, яъни 36,7 миллион нафари сайловларда қатнашган. 14 июнь куни бўлиб ўтган сайловларда кузатувчилар иштирок этмаган.

Аввалига сайловларда иштирок этиш учун 680 нафар киши мурожаат қилган бўлса, улардан 8 нафаригина Эрон конституцияси қўриқчилари кенгашининг “элаги”дан ўтишга муваффақ бўлди. Улардан икки нафари кейинчалик ўз номзодларини қайтиб олишди.

Номзодликка даъвогарлар орасида 30 нафар аёл ҳам бор эди.

Номзодлар: Теҳрон ҳокими Муҳаммад Бағир Ғалибоф, мамлакатнинг собиқ ички ишлар вазири Али Акбар Вилоятий, Эрон ислом қуриқчилари корпусининг собиқ қўмондони Муҳсин Ризоий ҳамда Эрон Миллий хавфсизлик хизмати олий кенгаши котиби Саид Жалилий, Эрон Миллий хавфсизлик хизмати олий кенгашининг собиқ котиби Ҳасан Руҳоний, собиқ почта ва телеграф вазири Саид Муҳаммад Ғаразийдир.

Ҳасан Руҳоний қандай одам?

64 яшар Ҳасан Руҳоний амалдаги Эрон сиёсий доираларининг ёрқин вакилларидан бўлиб, у нафақат мамлакатда, балкиIRAN-VOTE-REGISTRATION-ROWHANI халқаро миқёсда ҳам яхшигина таниш шахс. У Эрон миллий хавфсизлик олий кенгашининг котиби сифатида 2003 ва 2005 йилларда Эрон ядровий дастури бўйича халқаро доираларда музокара олиб борган. У Эроннинг собиқ президентлари Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ҳамда Муҳаммад Хотамий даврларида сиёсий фаолият юритган. Ўша пайтдаги Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жек Страунинг фикрича, Ҳасан Руҳоний «ғоятда профессионал» даражада музокаралар олиб борган.

У 2005 йил Маҳмуд Аҳмадинажод ҳокимиятга келгач, истеъфога чиқади. Чунки янги президент унинг музокараларини қўллаб-қувватламайди. Ҳасан Руҳонийнинг номзоди Конституция қўриқчилари кенгаши томонидан тасдиқлангач, у кўпчиликнинг нигоҳига тушди. У ислоҳотга мойил бўлган сайловчиларнинг диққатини тортди. У шахс эркинлиги бўйича бир қатор ташаббусларни ҳам илгари сурди. Шунингдек, Ҳасан Руҳоний Эроннинг Ғарб билан муносабатларини яхшилаш керак, деб айтди. Сайловга яқин қолганда бугунги кунда уй қамоғида сақланадиган ҳамда либерал қарашдаги Хотамий ва Рафсанжонийларнинг қўллаб-қувватлашига эришади. Бу унинг сайловда «фаворит»га айланишига хизмат қилди.

Хўш, энди Эрондан нима кутиш мумкин?

Эронда, номзодларнинг қандай қарашда бўлишидан қатъи назар, асосий масалалар Али Ҳомайний томонидан ҳал этилади. Конституция қўриқчилари кенгаши (мамлакатдаги энг олий раҳбар орган) томонидан Маҳмуд Аҳмадинажод девони раҳбари Исфандиёр Машаининг ҳамда Рафсанжонийнинг сайловларга қўйилмагани ҳам 2009 йилги сайловлардаги каби тўполонларнинг олдини олишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаш мумкин. Чунки Маҳмуд Аҳмадинажод ҳокимият тепасига келиб, Ҳомайнийдан анча эркин фаолият юритиб, улар ўртасида жиддий баҳслар туғилган эди. Шу боис у ҳар қандай йўл билан бўлса-да, ўз вакилининг сайловларда қатнашишига эришмоқчи бўлди. Аммо бунга йўл қўйилмади.

ali-khameneiАҳмадинажод анча популист сиёсатчи бўлиб, кенг аҳоли вакиллари унга мойиллик билдиради. Шу боис кўпчилик таҳлилчилар навбатдаги сайловларда унинг қайтадан иштирок этиши мумкинлигини қайд этишади.

Мамлакат олий раҳбарияти сайловларни ўтказиш жараёнида эътибор қаратган энг муҳим жиҳат халқнинг икки лагерга бўлиниб кетишининг олдини олишга қаратилди. Чунки шундоқ ҳам Яқин Шарқ қалқиб турганини Эрон раҳбарлари яхши тушунишади. Бундай шароитда ўта ёрқин сиёсатчиларни ҳокимиятга яқинлаштириб бўлмасди.

Кўпчиликка сир эмас, Эронга қарши қўлланилаётган иқтисодий санкциялар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакат пул бирлигининг қадрсизланиши давом этмоқда.

Эрон билан савдо-иқтисодий алоқаларни олиб боришда Европа АҚШ компаниялари тақиққа эга, Эрон нефтини халқаро биржаларда сотиш ҳам муаммоли бўлиб қолди. Шу йилнинг бошида мамлакат олий раҳбарияти мамлакатда саноат, қишлоқ хўжалиги, мудофаа ва хавфсизлик масалаларида ташқи дунёдан иҳоталанган ҳолда сиёсат олиб боришни маълум қилган эди.

Аммо Ҳасан Руҳоний маъмурияти мамлакат иқтисодиёти учун жавобгар сифатида халқаро иқтисодий санкцияларни юмшатиш чораларини кўриши турган гап. Яна бир гуруҳ таҳлилчилар фикрича, у Ғарб билан ён бермасдан фаолият юритиши мумкин, фақат у Эронга мойил давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда давом этиши мумкин.

Фикримизча, Ҳасан Руҳоний Аҳмадинажоддан фарқли ўлароқ турли шов-шувли гап-сўзлардан тийилади, анча босиқ сиёсат олиб боради. Шунинг ўзи ҳам Эрон бўйича таҳликали вазиятнинг юмшашига хизмат қилиши турган гап.

Эрон ядровий дастури масаласида шуни айтиш мумкинки, мамлакат бу дастурдан воз кечмайди. Чунки бу масалада Али Ҳомайнийнинг позицияси жуда қаттиқ бўлиб, бу вазифани у ўз олдига мақсад қилиб олган. Энг муҳими, Эрон Яқин Шарқдаги муҳим давлат бўлиб, Ҳасан Руҳоний Россия ва Хитой билан алоқаларни ривожлантириш, айни чоғда халқаро санкцияларни юмшатиш чораларини кўриши керак. Айни пайтда иғвога тўла баёнотлардан тийилиб, дипломатик сўзлашувларга кўпроқ урғу бериш ўринлидир. Кўрамиз, ҳаммасини вақт кўрсатади.

Сиз Эроннинг янги президенти қандай ўзгаришлар қилади, деб ўйлайсиз?

Мурод ҒОФУРОВ.