Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 6599 номдаги дори воситаси, шундан 1265 номдаги маҳаллий, 5334 номдаги хорижий дори воситалари тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган, деб ёзади «Ўзбекистон овози» газетаси мухбири Тоштемир Худойқулов. Шунингдек, истиқлолнинг дастлабки даврида республикада атиги иккита фармацевтика корхонаси томонидан 20 га яқин дори воситаси ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтда 133 та корхона дори воситалари ишлаб чиқармоқда. Булардан 26 та фармацевтика корхонаси халқаро сифатни бошқариш тизими ISO 9001 ва GMP сертификатларига эга бўлган корхоналардир. Шу билан бирга, маҳаллий корхоналардан 17 таси ўз маҳсулотларини чет элларга экспорт қилмоқда.
«Бироқ айрим ҳолларда одамлар ўртасида дори воситалари нархи ҳақида эътирозлар бўлиб туради. Фуқаролар таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, дори-дармон воситаларининг нархи нима сабабдан бир-биридан фарқ қилаётганини изоҳлаб беришни сўраган ҳоллар ҳам бўляпти», деб ёзади мухбир.
Таҳририят ходими шу боис кичкина мониторинг ўтказишга қарор қилганини ёзади. У шифокордан хотин-қизлар ўртасида камқонлик касаллигини даволаш учун зарур бўлган дори воситалари рўйхатини олади.
Биринчи дорихона: Феррум-лек ампуласи — 5 донаси 18000 сўм. Иккинчи дорихонада 16300 сўм. Учинчи дорихонада 21600 сўм.
Биринчи дорихона: Феркайл ампуласи — 10 донаси 42000 сўм. Иккинчи дорихонада 45000 сўм. Учинчи дорихонада 40200 сўм.
Биринчи дорихона: Мальтофер таблеткаси (30 дона) — 25800 сўм.Иккинчи дорихонада 26800 сўм. Учинчи дорихонада 25000 сўм.
Биринчи дорихона: Феррум-лек таблеткаси (30 дона) — 18000 сўм. Иккинчи дорихонада 19700 сўм. Учинчи дорихонада 21600 сўм.
Биринчи дорихона: Дуовит таблеткаси (30 дона) — 9000 сўм. Иккинчи дорихонада 9200 сўм. Учинчи дорихонада 10300 сўм.
Биринчи дорихона: Татима суюқлиги (20 дона) — 16000 сўм. Иккинчи дорихонада 16100 сўм. Учинчи дорихонада 20000 сўм.
Биринчи дорихонада рўйхатдаги жами дориларнинг нархи 128 минг 800 сўмни ташкил этди. Иккинчи дорихонада 133 минг 100 сўм бўлди. Учинчи дорихонада эса жами дориларнинг нархи 139 минг 300 сўмни ташкил этди.
Кўриниб турибдики, бемор биринчи дорихонадан керакли дориларни сотиб олганда иккинчисига нисбатан 4300 сўм, учинчига нисбатан эса 10500 сўмни иқтисод қилиши мумкин.
«Ҳақли савол туғилади: нега ёнма-ён дорихоналарда бир турдаги дорининг баҳоси кескин фарқ қилади? Улардаги нарх-наво назорат қилинадими? Шунингдек, уларнинг нархлари нимага асосланиб шаклланади? Беморларнинг қайси тоифаси дори воситалари билан текин таъминланиши кўзда тутилган?», деб савол беради мухбир.
«Дори-дармон» акциядорлик компанияси берган маълумотга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби мавжуд. Уларга кўра, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотишда чекланган савдо устамалари жорий қилинган. Жумладан, импорт бўйича келтириладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, товар етказиб беришда қатнашувчи воситачилар сонидан қатъи назар, сотиб олиш қийматининг 20 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда улгуржи-чакана савдо устамаси қўлланган ҳолда сотилиши лозим. Бошқа дори воситалари ва тиббиёт буюмларига, воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 20 фоиздан ортиқ бўлмаган, чакана савдо учун 25 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдордаги чекланган савдо устамалари қўлланиши керак.
Шунингдек, барча дорихона муассасаларида нарх белгилаш тартиби ва савдо устамалари қўлланишини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига юклатилган.
«Масалани ўрганиш жараёнида мутахассислар яна бир нарсага эътиборимизни қаратишди. Дори воситаларининг нархи, унинг қаерда ишлаб чиқарилгани, воситачи орқали ёки корхонанинг ўзидан тўғридан-тўғри олинаётганига ҳам боғлиқ», деб ёзади мухбир.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумотига кўра, қўмита томонидан дори воситалари нархлари ўсиб кетишининг олдини олиш мақсадида айрим турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати тузилиб, юртимиздаги 127 та дорихонадан маълумот олиш йўли билан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилган. Унга кўра, 61 та дорихона томонидан 380 турдаги дори воситаларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилгани аниқланиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилган ва тегишли чоралар кўрилган.
Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги «Регистон Нур Барака» МЧЖ дорихонасида «Парацетамол» таблеткаси 107 сўмдан сотилиши лозим бўлса-да, у 450 сўмдан сотилган. Наманган шаҳридаги «Peo фарм сервис» хусусий дорихонасида эса нархи 3110 сўмлик «Пиносол» дори воситаси 5200 сўмдан сотилаётгани маълум бўлган.
Ушбу мисоллардан ҳам билиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги «Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган савдо устамалари қўлланилиши борасидаги тартиб-қоидани бузиш ҳоллари учрамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот беришича, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 декабрдаги қарорига биноан амбулаторияда даволанадиган айрим тоифадаги беморларга дори воситалари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан берилади. Улар онкологик, сил, руҳий, эндокринологик каби касалликлар, ОИВ касаллигини юқтирганлар, юрак клапанларини протезлаш ва органларни алмаштириш бўйича операциялардан кейин ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз нафақахўрлар, 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар, байналмилал жангчилар ҳамда ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслардир. Ушбу тоифадаги беморлар ўзининг турар-жойи бўйича тааллуқли бўлган амбулатория поликлиника муассасаси шифокорининг имтиёзли рецепти орқали шартнома тузилган дорихонага бориб, касаллиги бўйича рўйхатда белгиланган дори воситаларини бепул олиш имтиёзига эгадир.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги қарори билан дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидалари ҳамда чекланган чакана нархларда сотиладиган ва барча дорихона муассасаларида мавжудлиги мажбурий бўлган 20 турдаги дори-дармонлар рўйхати тасдиқланган.
«Юқоридаги дори турлари бўйича чекланган чакана нарх белгиланган ва унга устама қўйиш тақиқланади. Лекин ҳамма дорихоналарда ҳам ушбу дорилар мавжуд, деб бўлмайди ва нархларда ҳам фарқ борлигига гувоҳ бўлдик», дейилади мақолада.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясидан олинган маълумотда айтилишича, Федерациянинг «Ишонч телефони»га фуқародан мурожаат тушган. Унга асосан Федерация ходимлари Тошкент шаҳар Фарғона кўчасида жойлашган «SOLIUS VITA MEDICAL» МЧЖ дори воситалари билан савдо қилувчи дорихонада ўрганиш олиб борган. Ўрганиш жараёнида шикоятда кўрсатилган ҳолат тасдиқланган. Яъни истеъмолчига қўшимча сифатида яроқлилик муддати ўтиб бўлган «Қизилмия илдизининг қиёми» дори воситаси мажбуран сотилган.
«Ҳар қандай ҳолатда ҳам дорихона у хусусий бўладими, давлатники бўладими, белгиланган қонун-қоидага амал қилиши, нарх-навога инсоф билан ёндашиши керак, деб ҳисоблаймиз. Дорихона фақат иқтисодий даромад кўриладиган дўкон эмас, у меҳр-мурувват ва малҳам маскани ҳам ҳисобланади», деб хулоса қилади мухбир.