5000 сўм қийматидаги банкноталарни муомалага чиқариш тўғрисидаги Сенат Кенгаши қарори нусхаси ижтимоий тармоқларга чиқиб кетди. Бу ҳақда kun.uz сайти хабар тарқатди.

Шу йилнинг 18 июнь куни билан имзоланган Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорида ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 5000 сўмлик қийматдаги банкноталарни чоп этиш ҳақидаги таклифини кўриб чиқиб ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, Марказий банк томонидан тавсия этилган 5000 (беш минг) сўмлик банкнот намунаси ва унинг дизайнини маъқуллаган.
Шунингдек, Сенат Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига 5000 (беш минг) сўм қийматидаги банкнота муомалага чиқарилишини ҳақидаги ахборотни ҳамда унинг тавсифини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши лозимлигини қайд этади.
19 июнь куни ижтимоий тармоқ вакиллари 5000 сўмлик купюрани кенг муҳокама қилишни бошлаган эди. Шу муносабат билан айрим интернет нашрлари Марказий банк ва “Тошкент зарбхонаси” ДУКга мурожаат қилишиб, бунинг миш-мишлигини айтишган эди.
Ҳозирча ушбу қарорни бирор бир расмий идора шарҳламаган.