Америкадан кетаётган хорижлик шахслар бармоқ изи топширади

Pols

Шу кунда муҳокамадан ўтаётган иммиграция ислоҳотига оид қонун янги тузатишлар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, АҚШнинг энг серқатнов аэропортлари орқали ўз юртига кетаётган барча хорижликлар бармоқ изини топширишга мажбур бўлишади. Сенатнинг ҳуқуқ қўмитаси ушбу тузатишни қабул қилди. Унга қўмита аъзоларидан 13 нафари маъқуллаб, 5 нафари қарши овоз берди. Ҳужжатга кўра, сўнгги икки йилда мамлакатнинг асосий 10 та аэропорти бармоқ изларини оладиган сканер қурилмалари билан тўлиқ жиҳозланади. 6 йилдан кейин бундай аэропортларнинг сони 2 баравар кўпаяди.

Сенаторлар шу йўл орқали АҚШда муддати ўтиб кетган виза орқали бўлиб турган ноқонуний иммигрантлар сонини қисқартиришни режалаштирмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бундай шахслар сони мамлакатдаги 11 миллион нафардан ортиқ ноқонуний иммигрантларнинг 40 фоизини ташкил қилади. Ушбу ҳужжат, айниқса, муддати ўтиб кетган талаба визаси билан қўлга олинган қозоғистонлик Азамат Тажаяков ишидан сўнг жуда долзарб аҳамият касб этди. Гап шундаки, Бостон марафони чоғидаги портлашларда айбланаётган Жоҳар Царнаевга оид ашёвий далилларни йўқ қилиб ташлаганликда айбланмоқда.

Умуман, мазкур иммиграция ислоҳоти қонуни Конгресс томонидан тасдиқланадиган бўлса, миллионлаб ноқонуний иммигрантлар АҚШда қонуний асосда яшаш ҳуқуқини қўлга киритишади. Аммо республикачилар партияси вакиллари иммигрантларни легаллаштириш билан бир қаторда, чегара назоратини кучайтиришни талаб қилишмоқда.

Шуни айтиб ўтиш керакки, АҚШ Сенатининг саккиз нафар аъзоси Америка иммиграция тизимини тубдан ислоҳ этишни кўзда тутувчи ташаббусни илгари сурганди. Унга кўра, АҚШда яшаётган иммигрантлар мамлакат фуқаролигини олиши мумкин. Лекин бунинг учун чегара назорати кучайтирилиши талаб қилинади.