Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси муддатидан аввал плей-офф босқичига чиқди

1005561_316196365181383_732670821_n

Туркияда давом этаётган U-20 ЖЧ-2013 гуруҳ босқичи 3-тур учрашувлари доирасида «D» гуруҳидаги баҳслар якунига етди. Унда қайд этилган натижалар Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасининг муддатидан аввал ЖЧ-2013 нимчорак финалига чиқиши учун етарли бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.

«D» гуруҳи 3-тур учрашувлари доирасида Греция ҳамда Парагвай ёшлари ўзаро 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашган бўлса, Мексика ёшлари Малини 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Шундан сўнг, 5 очкодан жамғарган Греция ва Парагвай терма жамоалари мос равишда 1—2-ўринларни эгаллаб, кейинги босқичга чиққан бўлса, Мексика ҳозирча гуруҳларда учинчи ўринни эгаллаган терма жамоалар рейтингида 2-поғонани банд этиб турибди.

Бунгача, «А» ва «В» гуруҳидаги баҳслар якунига етиб, жумладан, «А» гуруҳида 3-ўринни эгаллаган Гана терма жамоаси уч ўйин якунига кўра 3 очко тўплаган эди. Жами олти гуруҳдан эса тўртта учинчи ўрин эгаси нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритади. Икки учинчи ўрин эгаси – Гана ва Мексика терма жамоалари ҳисобида 3 очко бор эканлиги, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси эса Янги Зеландия ва Хорватияга қарши ўйинларда 4 очко тўплаганидан келиб чиқиб, Аҳмаджон Мусаев шогирдларини тарихий натижа билан табриклаш мумкин.

Қайд этиш жоиз, бунгача Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоалари икки бора жаҳон чемпионати баҳсларида иштирок этиб, гуруҳдан кейинги босқичга чиқа олмаган, ҳатто, ўтказилган жами олти учрашувнинг бирортасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олмаган эди.

Ёшларимиз эртага Уругвай терма жамоасига қарши майдонга чиқишади.