Ўзбекистонда эрта никоҳга қарши кураш кучайтирилмоқда

    nikoh-uzuk

    Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш  ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.

    Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.

    Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

    Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган тузатишларга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига ўртача 500-600 нафар вояга етмаган туғуруқ жараёнини бошдан ўтказади.

     635f25e38b7cf6649cdb4059984b832dЎзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Алимовнинг “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида айтилишича, эрта ёшдаги оналикда ҳомиладорлик ва туғуруқ асоратининг ўлим эҳтимоли жуда юқорилиги ҳақида, афсуски, кўпчилик ёш қизлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Ҳомиладорлик ёш қизнинг нафақат саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, балки унинг таълим олишида, жамиятда ўз ўрнини топишида тўсиқ бўлиб қолмоқда.

     ЮНИСЕФнинг «Ҳаёт учун далиллар» китобида қайд этилишича, кетма-кет икки фарзанд туғилиши ўртасидаги вақт 2 йилдан кам бўлмаган, ҳомиладор аёлнинг ёши 18 дан кам ва 35 дан ошмаган ҳамда аёл умумий ҳисобда тўрт мартадан зиёд ҳомиладор бўлмаган тақдирдагина она ва бола саломатлигини маълум даражада яхшилаш мумкин.

    Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири “Ўзбекистон Республикасининг «Болалар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахс бола ҳисобланиши белгиланган. Демак, 18 ёшга етмай турмуш қураётган ва она бўлаётган ўсмир қизлар қонун бўйича ҳам ҳали бола ҳисобланади. Болани эса турмушга бериш, она бўлишига маҳкум қилиш (!) қайси қонун-қоидага тўғри келади?!”, деб риторик савол беради.

    Унинг таъкидлашича, “Орзу-ҳавас деймиз, фарзандларимиз камолини тезроқ кўргимиз келади. Лекин обдон ўйлаб кўрайлик: фарзандларимизни 17-18 ёшга кирар-кирмас, уйлантириб қўйсак ёки узатиб юборсак, улар оила ҳақида қандай тасаввурда бўлади? Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, қўлида тайинли бирор касб-кори, ҳунари бўлмаган, она сути оғзидан кетмаган болалар оила аталмиш муқаддас тушунчанинг моҳиятини англаб етдими ўзи? Улар эртага қандай фарзанд кўради? Болаларига қандай тарбия беради? Буларни, аввало, ким ўйлаши керак? Ахир, уйлантирамиз, оила қурасан, фарзанд кўрасан, деб орзу қилиб турганимиз — йигитча ва қизчанинг ўзи ҳали бола-ку?!”

    Соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, эрта никоҳ ва туғуруқлар ўсмирлар саломатлигининг умрбод заиф бўлиб қолишига, келажакда яна фарзанд кўра олиш имкониятини йўқотишга, ҳатто, ёш онанинг майиб-мажруҳ бўлиб қолишига олиб келаётганини кўра-била туриб, шунга йўл қўяётган эканмиз, бу жиддий муаммонинг ечимини ҳар бир оиладан излашимиз керак. Ҳар бир ота-она шахсий ҳою ҳавасларини бир четга қўйиб, соғлом ақл билан узоқни ўйлаб иш тутиши зарур.

    Ёш организм ҳомиладорликни кўтара олмайди ва бола тушиши, чала туғилиши, она қорнида нобуд бўлиши ҳолатлари кузатилади. Оқибатда, аборт, жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бу кўп ҳолларда келгусида фарзанд кўра олмасликка олиб келади. Маълумотларга кўра, кўп ҳолатларда ёш турмуш қурган аёллар 25-26 ёшдаёқ кўп туғувчилар гуруҳига киритиляпти. Бу эса, ўз навбатида, ўзининг ва оиласининг саломатлиги заифлашишига сабаб бўлиши мумкин. Тиббий нуқтаи назардан эса, аёллар учун фарзанд кўришнинг энг мақбул даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади. Ана шу давр­да аёл организми тўлиқ шакл­ланган, ўзининг ҳаётий билими ҳам оила қуришга, фарзанд кўришга ва болаларини тарбиялашга тайёр­ бўлади.

    Психолог ва олимларнинг фикрича, турмуш қуриш учун энг мақбул ёш: қиз болалар учун 22-25, ўғил болалар учун эса 24-30 ёш. Бу даврда, юқорида айтганимиздек, инсон организми фарзанд кўриш учун тўла етилган бўлади.

    Қолаверса, айни шу ёшга етган қиз ҳам, ўғил бола ҳам ўсмирлик пайтидаги турли руҳий ўзгаришлар жараёнидан ўтган, ҳаётга теран кўз билан қарай оладиган, умуман, шахс сифатида камолга етган бўлади.

    Ўзаро қариндош эр-хотин соғлом бўлиши мумкин, аммо уларнинг наслида ирсий касалликлар қўзғалиш хавфи юқори. Чунки гўдакка геннинг ярми онадан, ярми эса отадан ўтади. Баъзи ирсий касалликлар генлардаги яширин (рецессив) зарарланиш ўчоқлари оқибатида юзага келади. Шундай ўчоқлари мавжуд генга эга қариндошларнинг ўзаро никоҳи натижасида ушбу касаллик белгиларининг юзага чиқиш «имконият»и ортади ва оқибатда ногирон, майиб-мажруҳ бола дунё­га келади.

    Генлардаги ўзгаришларнинг барчасини ҳам ўз вақтида аниқлаш ва даволашнинг имкони йўқ. Шу сабабли фарзандларнинг соғ-саломат дунёга келиши ва баркамол вояга етиши учун қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш лозим.

    Онадаги камқонлик натижасида организмга темир моддасининг етишмаслиги,  шу сабабли соч тўкилиши ва суякларнинг мўртлашуви, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, кўп қон йўқотиш, ҳомила тушиши, гўдакнинг ўлик, ногирон ёки нимжон туғилиши яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг аянчли оқибатларидандир. Бундай ҳолларда она ҳам, гўдак ҳам жабр кўради, умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам мумкин.

    Фақат яқин қариндошларигагина қиз бериб-қиз оладиган одамлар йўқ эмас. Улар йиллар давомида ўз уруғининг «удум»ларига асосланиб, шундай йўл тутишади. Аммо ўзимиз ўйлаб топган ана шу «удум»лар неча-неча оилаларнинг барбод бўлишига, қариндошларнинг юзкўрмас бўлиб кетишига олиб келаётганини, қанча мурғак гўдак елкасига умрбод ногиронликни юклаётганини унутмайлик!

    Яқин қариндошлар орасидаги никоҳни ёқловчилар ҳам йўқ эмас. Бироқ бир жиҳатни зинҳор унутмаслик лозим: ген билан боғлиқ айрим касалликларнинг яширин даври икки-уч авлод ўтиб ҳам юзага чиқиши тиббиётда ўз исботини топган. Натижада, бобою бувисининг «арзимас» хатоси туфайли соғлом ота-онанинг бир дилбанди ногирон туғилади. Энг ачинарлиси, бундай фарзандлар кўпинча ўз ота-онаси бағрида эмас, Меҳрибонлик уйларидан қўним топади.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аҳолиси сони жорий йилнинг биринчи чорагида 30 миллион нафардан ошиб кетди. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллион 75,8 минг нафарни ташкил қилди. Ушбу чорак давомида Ўзбекистон аҳолиси сони 82,3 минг кишига, яъни 0,3 фоизга ўсди.

    Шаҳар аҳолиси сони, биринчи чорак якунларига кўра, 15 миллион 401 кишини, қишлоқ аҳолиси эса 14 миллион 674,8 минг кишини ташкил этди. Туғилишлар сони, ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда, 16,6 промиллени, ўлим сони эса 4,7 промиллени ташкил этди.

    ФҲДЁ органлари томонидан биринчи чорак давомида 54,5 мингта никоҳ қайд этилган бўлиб, 4900 ажрим ҳолати юз берган. (Бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврида тегишинча 57 минг ва 5000 тани ташкил этган эди).