Ислом Каримов: Ўзбекистон ва Қозоғистон рақобатчи давлатлар эмас

    загруженное
    Қозоғистон Республикаси Президентининг расмий сайти

    Аввал хабар қилганимиздек, Тошкентда Қозоғистон Республикаси Президенти расмий ташриф билан бўлди. Иккитомонлама ва ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланганидан сўнг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бири билан рақобатчи давлат эмаслигини айтиб ўтган. Икки республиканинг иқтисодий шароитлари мутлақо бошқача бўлиб, улар бир-бири билан кесишмайди. Бу ҳақда Tengrinews сайти хабар берган.

    “Агар Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда рақобат йўқ ва яқин келажакда бўлмайди ҳам. Чунки бизда мутлақо бошқача шароит ва бошқача фойдали қазилмалар, мутлақо бошқача табиий ресурслар ва ўзга ресурслар мавжуд. Агар бизда пахта етакчи мавқени эгалласа, Қозоғистонда ғалла”, деб таъкидлаган Ўзбекистон раҳбари.

    У, шунингдек, иккитомонлама учрашув самарали бўлганини ҳамда унинг натижалари тарихан бир-бири билан узвий боғланган икки республика халқлари ўртасида қалин ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтган.  Стратегик шериклик ҳақидаги шартнома эса иқтисодий ва маданий соҳаларда узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини ўзида акс эттиради.

    Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари сув ресурсларидан фойдаланиш муаммоларини муҳокама қилиб, Марказий Осиё минтақасида шаклланаётган вазият хусусида фикр алмашган.

    — Мураккаб бир замонда яшаётганимизни инобатга олган ҳолда биз яна бир бор халқларимиз ва мамлакатларимизнинг бугуни ва келажаги учун умумий масъулиятни тасдиқладик, — деб қайд этди Ислом Каримов.

    Айни чоғда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев икки республика ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари минтақада умумий осойишталикни таъминлашга тўғридан-тўғри таъсир қилишини айтиб ўтди. У савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

    “Биз ҳукуматларимизга топшириқларни бердик. Ўйлайманки, ҳукуматларимиз масалани жуда синчиклаб кўриб чиқади ва ўз қарорлари ҳақида бизга ҳисобот беради. Бу масалада ҳукуматлараро комиссиянинг роли беқиёс. Эркин савдо зонасига ўтишда, албатта, бир-биримизнинг манфаатларимизни ҳисобга олиш жуда муҳимдир”, деди у, жумладан.

    Президентнинг сўзларига кўра, икки давлат муносабатлари мустаҳкам тарихий асосларга ҳамда 2015 йилгача маданият соҳасида ҳамкорлик дастурига асосланади. “Биз мустақил давлат сифатида ўзимиз учун жуда муҳим бўлган мамлакатда биринчи марта ўз элчихонамизни қуряпмиз ва очаяпмиз”, деди у.