Ўзбекистонлик она ўз фарзанди учун АҚШ президентидан кечирим сўради

Scan0010

Яқинда “Вaтaндoш” таҳририятига Тошкентдан бир мактуб келди. Уни 2012 йилнинг ёзида АҚШ Президенти Барак Обамага суиқасдда айбланган ватандошимиз Улуғбек Қодировнинг онаси Зарифа Қодирова йўллаган эди.

Ўз хатида ўзбекистонлик она ёзишича, ўғли “Улуғбек Қодиров 2009 йилда АҚШга ёзги таътилни ўтказиш учун борган эди. Ўғлим 2010 йилнинг апрелигача Нью-Йорк шаҳрида ўқиди ва бўш вақтида ишлади. Сўнг ишсиз қолди ва ўқишини давом эттиролмади. Бироз пул ишлаб, сўнгра уйга қайтиш нияти бор эди. Кейинчалик Улуғбек  Алабама штатида иш топди. У ерда 2010 йилнинг октябрь ойидан, 2011 йилнинг март ойигача дўконда сотувчи, cўнг гилам тозаловчи бўлиб ишлади. 2011 йилнинг ёзида интернетдаги “шум” хабарларни эшитиб, “шок” ҳолатига тушиб қолдик… Жаҳон оммавий ахборот воситаларининг тарқатган хабарларини ўқиб, ёқамни ушлаб қолдим… Улардан хафа бўлдим. Сабаби, ҳали текширувлар охирига етмай, суд қарорини кутмай, улар ўғлимни “террорист”, “айбдор” деган айбловларни тарқатишди. Минг афсуски, улар орасида ўзбек интернет-ахборот воситалари ҳам бор эди…”

“Тўғри, ўғлим АҚШнинг эмиграция қоидаларини бузган, унинг ноқонуний равишда у ерда қолганлиги унинг энг катта айби. Бу бизнинг ҳам айбимиз”, дейди Зарифа Қодирова.

Онанинг ёзишича, Улуғбек 2009 йилдаги ёзги таътилни ўтказиш учун “Work and travel” дастури бўйича АҚШга кетди. Нью-Йоркда бир оз ишлади, лекин кейинчалик кўп ишсиз қолди… Бўш вақти кўпайиб қолиб, шундай пайтларда мачитга борарди. Биз бундан ёмонлик кутмас эдик. Мазкур йилнинг апрел ойида Алабама штатида бўлиб “Қуръон ўрганаяпман” деди. Кейинроқ унинг дунёқарашида ўзгариш сезила бошлади… Дадаси ва акаси Ватанга қайтишини қатъий талаб қилган. Унинг рўзагача, яъни 2010 йилнинг  август ойигача Ўзбекистонга қайтиши режалаштирилган эди. Кейин эса воқеалар бу тарзда ўзгариб кетди…

“Адвокат ёллашга имкониятимиз бўлмагани сабабли, АҚШ давлати адвокат тайинлади. Суд қандай қарор қабул қилгани сизларга маълум… Мен, имкониятдан фойдаланиб, яна бир бор Америка президенти Барак Обамадан ўғлимни кечиришини сўрайман… Мана икки йилдирки, ҳаётимизда ҳузур-ҳаловат йўқ…”, деб хулоса қилади.

Зарифа Қодирова, шунингдек, “Ватандош” орқали Америкадаги ватандошларига мурожаат қилиб, қўлларидан келганича, ўғлига юридик ва амалий ёрдам беришларини сўраган. Мавлон Шукурзода Улуғбек Қодиров аслида қандай одам бўлган, бу йўлга қандай кириб қолгани билан қизиқиб, материал тайёрлади.

Ушбу масала бўйича мақоланинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.