Тошкентдан кунига ўртача 1800-2000 тонна маиший чиқинди олиб чиқилади

gazeta.uz
gazeta.uz

«Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, шаҳар ҳудудидан бир кунда 1800-2000 тонна маиший чиқинди олиб чиқилади. Шаҳардаги 30 та маҳаллада ишни намунавий ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бош­қарма томонидан уларда 10 та янги чиқинди йиғиш майдончаси қурилди. 41 та майдончани мукаммал таъмирлаш ишлари якунланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон овози” газетаси хабар беради.

Бироқ шунга қарамай, чиқиндиларни зарарсизлантириш, атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, шунингдек, уларни қайта ишлаш борасида камчиликлар ҳали мавжуд. Масалан, бугунги кунда чиқинди йи­ғиш қутиларининг аксарияти яроқ­­лилик муддатини ўтаб бўлган. Бу эса чиқиндилар тартибли тўпланишига тўсиқ бўлмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Коммунал хўжалик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси Учқун Шойимқуловнинг фикрича, бу муаммоларни бартараф этиш бўйича қатор чора-тадбирлар иш­лаб чиқилиб, амалиётга жорий этилаяпти. Масалан, «Тошкент шаҳрининг санитария тозалаш тизимини такомиллаштириш» лойиҳасини амалга ошириш, маиший чиқиндиларни тизимли йиғиш учун турар жой мавзеларида махсус пунктлар қуриш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда тегишли дастур асосида 709 та хизмат кўр­сатиладиган ва 567 та хизмат кўрсатилмайдиган чиқиндихона пункти қурилган. Натижада 1000 га яқин иш ўрни яратилган. Шунга қарамасдан, токсик (таркибида зарарли моддалар бўлган) чиқиндилар билан ишлаш ҳалигача талабга жавоб бермайди. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги корхоналардан чиқаётган токсик чиқиндиларни утилизация қилувчи махсус полигон қуриш масаласи ҳунузгача муаммо бўлиб келмоқда.