Президент Мустақилликнинг 22 йиллигига бағишланган тадбирларни “расмиятчилик ва баландпарвозлик”сиз ўтказишни талаб қилди

7-7

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Унда Мустақиллик байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда уюшқоқлик билан, кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилган, “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури ишлаб чиқилиши кераклиги қайд этилган.

Президент дастурни тайёрлашда мустақиллик – бу аввало ҳуқуқ эканини, фақат мустақиллик орқалигина шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англаши, истиқлол юртимизда яшаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омили эканини кенг очиб бериш, халқимиз ўтган даврда турли синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ўзининг мустаҳкам иродаси, қатъият ва матонати, истиқлол ғояларига садоқатини намоён этиб, жаҳон майдонида муносиб ҳурмат-эътибор қозонганини чуқур таҳлиллар орқали кўрсатиш кераклигини уқтирган.

Президент, айниқса, 2012 йил сентябрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунда белгилаб берилган асосий принциплар, яъни Ўзбекистоннинг турли ҳарбий сиёсий блоклардан узоқ бўлиши, ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга бўлиши ва ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги ҳақида кенг тарғибот қилиш лозимлигини кўрсатиб ўтган.

Давлат раҳбари, шунингдек, мазкур режа ва дастурлардан ўрин олган тадбирларни расмиятчилик ва баландпарвозлик ҳолатларига йўл қўймасдан, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда, одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган халқчил ва таъсирчан руҳда ўтказишга алоҳида эътибор қаратишни талаб қилган.