Ўзбекистонда 5000 сўмлик купюра муомалага чиқариладими? Расмийлар рад этишди

5000sum

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида Ўзбекистон Республикасининг миллий пул купюраси — 5000 (беш минг) сўм муомалага чиқарилиши ҳақидаги миш-миш кенг муҳокама қилинмоқда. Фойдаланувчилар мазкур купюра жорий йил сентябрь ойидан муомалага киритилиши мумкинлигини тахмин қилишган.

Ушбу масалани аниқлаштириш мақсадида uz24.uz сайти “Toshkent zarbxonasi” давлат унитар корхонасига мурожаат қилади. Мутасаддиларнинг фикрича, бундай купюрани чоп этиш учун дастлаб Президентнинг янги фармони эълон қилинади ва у расмий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. Ҳозирча бундай ҳужжат қабул қилингани йўқ, демак, бундай гап-сўзлар миш-мишдан бошқа нарса эмас, дейди идора вакили.

Даракчи.uz сайти эса мазкур масала юзасидан Марказий Банк матбуот хизмати билан боғланиб кўрган. Маълум қилишларича, ҳозирча 5000 сўмлик купюрани муомалага чиқариш ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. “Бироқ, кейинроқ мазкур мавзу юзасидан яна қўшимча маълумот олишга келишиб олдик. Тез орада бу ҳақда банк мутасаддиларидан батафсил маълумот олишга умид қиламиз”, деб ёзади сайт.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги расмий сайтларида бу ҳақда ҳеч қандай ахборот қайд этилмаган.