ЎзХДП қонун лойиҳаларига ўз эътирозини билдирди

xdp_logo

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар лойиҳалари аниқ нуқтаи назарини шакллантирган.

Партиянинг расмий нашрида қайд этилишича, қонун лойиҳалари юзасидан кўриб чиқилаётган таклифларнинг аксарияти депутатлар билан бўлган учрашувларда аҳоли вакиллари томонидан билдирилган.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, қонунлар лойиҳаларидаги айрим ўзгартиш ва қўшимчалар иш қидирувчилар, ходимларнинг ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилишдан кўра, кўпроқ иш берувчиларнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Масалан, Меҳнат кодексига ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга иш ҳақи қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлса, бундай иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас, деган меъёр киритилмоқда. Яъни, иш изловчига таклиф этилган ишда иш ҳақи асосий мезон сифатида белгиланмоқда. Аммо иш изловчининг мутахассислиги, касби ҳисобга олинмаяпти.

ЎзХДПнинг фикрича, мазкур ўзгартиш киритиладиган бўлса, иш қидирувчиларнинг ҳуқуқлари кафолати кучсизланади, деб ҳисобламоқда ва ушбу меъёрни қонун лойиҳасидан чиқариш зарур, деган таклифни илгари сурмоқда. Бу ўринда Меҳнат кодекси ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли моддалари ўзгаришсиз, амалдаги таҳрирда қолиши керак.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги меъёрга кўра, таклиф қилинган ишда иш ҳақи шу мутахассислик ва касб учун белгиланган энг кам миқдордан оз бўлса, бундай иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас. Яъни, бу ҳолатда мута­­­ха­с­сислик ва касб малакаси аниқ инобатга олинган.

Уларнинг фикрича, ходимга ишдан четлаштирилган даврда иш ҳақи тўланмаслиги тўғрисида Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартиш ўзига хос чеклов бўлиб қолиши мумкин. Чунки бу меъёр бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, давлат ташкилотларида ишдан қонуний четлаштирилган даврда иш ҳақи тўланмайди. Лекин хусусий ташкилотлар учун бу меъёр нима учун керак?

Хусусий корхона раҳбари, айтайлик, муайян сабаб билан ходимини маълум муддатга ишдан четлаштирди, аммо шароити оғир бўлса, унга иш ҳақи тўламоқчи. Бундай ҳолатда юқорида айтилган ўзгартиш чеклов бўлиб қолади. Шунинг учун фракция аъзолари бу ўзгартишга қарши чиқишди.

Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ, ходимнинг аризасига биноан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Кодексга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилни ўн икки ойлик давр мобайнида жами бўлиб, уч ойдан ошмаган муддатга бериш билан боғлиқ ўзгартиш киритиш кўзда тутилаяпти.

Депутатлар шароитдан келиб чиқиб, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланадиган таътил муддатини қонун билан чегаралаш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлашди.

Фракция парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида қонун лойиҳалари муҳокамасида мазкур таклифлар инобатга олинишига ҳаракат қилади.