Шавкат Мирзиёев руминиялик ҳамкасбини қабул қилди

    top_victor_pontaЎзбекистонга ташриф буюрган Руминия Бош вазири Виктор-Виорель Понта 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

    Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Руминия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон-Руминия муносабатларининг ҳуқуқий асосини ўндан зиёд ҳужжат ташкил этади. Бу ҳужжатлар орасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт, маданият, илм-фан ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликка оид битимлар бор. Мамлакатлар ўртасида савдода энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда.

    Музокарада Ўзбекистон билан Руминия ўртасидаги муносабатларни янги мазмун билан бойитиш, мамлакатлар ишбилармон доираларининг мулоқоти ва қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

    Виктор-Виорель Понта Руминияда Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларни кенгайтиришга устувор йўналиш сифатида қаралишини қайд этди.

    – Руминияда Ўзбекистоннинг бой тарихига, халқингизнинг қадимий қадриятлари, анъаналари ва маданиятига юксак ҳурмат ва эҳтиром билан қаралади, – деди Руминия Бош вазири. – Бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳани, жумладан, иқтисодиётни изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар бераётган юксак самаралардан хабардормиз. Ўзбекистон билан Руминия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари катта. Хусусан, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ташрифларни янада фаоллаштириш зарур. Руминия мамлакатингиз компаниялари билан юқори технологиялар, электр энергетикаси, ахборот технологиялари каби кўплаб йўналишларда ҳамкорлик қилишга, Ўзбекистон бозорида ўз ўрнини топишга катта қизиқиш билдирмоқда.

    Учрашувда Ўзбекистон-Руминия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари атрофлича таҳлил этилди. Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар сонини ва маҳсулотлар турини кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

    Учрашув якунида Ўзбекистон билан Руминия ўртасида иқтисодий, саноат ва техникавий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.

    Виктор-Виорель Понта Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Маърифат маркази”ни бориб кўрди. Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ранг-баранг экспонатларни кўздан кечирди.