Саид АҲМАД: «Агар менга ҳайкал ўрнатмоқчи бўлсаларинг, шоҳсупасини ясаб қўя қолинглар, ўзим ҳар куни унинг устида икки-уч соат тик туриб бераман»

7AC24c13708822625953_b

Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ҳамда унинг турмуш ўртоғи, таниқли шоира Саида Зуннунова хотирасига ҳайкал ўрнатилди. Унинг очилиш маросимида Ўзбек адабиётининг намояндолари иштирок этишди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов сўз олди. Қуйида уларнинг сўзларини қисқартирган ҳолда келтирамиз.

Хайриддин Султонов:

xayriddin_sultonovБугун азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг қоқ марказида, улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий номи билан аталган Миллий боғда халқимизнинг ардоқли фарзандлари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Саид Аҳмад ва ҳассос шоирамиз Саида Зуннунова хотирасига бағишланган муаззам ҳайкал тантанали суратда очилмоқда…

… Бугунги кунда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган, бетакрор ижодий мероси, ибратли ижтимоий фаолияти билан ўзлигимизни англаш, ёш авлодни она Ватанга севги ва садоқат туйғуси, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида унумли хизмат қилган улуғ адибларимиз — Ўзбекистон халқ шоирлари Ғафур Ғулом, Зулфия, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ва Абдулла Қаҳҳорнинг ўлмас сиймолари мужассам топган ҳайкаллар пойтахтимизнинг гўзал майдонлари ва хиёбонларида қад ростлаб, қутлуғ зиёратгоҳларга айлангани барчамизга мамнуният бағишлайди…

Истиқлол йилларида оқсоқол адибимиз (Саид Аҳмад — «Ватандош») давлатимизнинг олий мукофоти — Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани, у кишининг 80 йиллик таваллуд тўйи муносабати билан Президентимиз самимий табрик йўллаб, устоз санъаткорнинг ижодига юксак баҳо берган эди: «Сиз босиб ўтган ум рва ижод йўли халқимиз ҳаётини, унинг яқин тарихини бутун мураккабликлари билан ўзида мужассам этган. Шу боис, нафақат бизнинг замондошларимиз, балки келгуси авлодлар ҳам халқимизнинг ўзига хос олижаноб фазилатлари, унинг бошига тушган оғир синовлар, бу йўлда аждодларимиз кўрсатган матонат ҳақида Сизнинг асарларингиз орқали тасаввурга эга бўламиз».

Муҳаммад Али:

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад деганда, кўз олдимизга бутун умрини Сўз хизматига бағишланган фидойиimages (20) инсон намоён бўлади. Сўз хизмати — адабиёт хизмати, миллат хизмати, халқ хизмати. Ҳаётнинг оғир-енгилликларини кўрган адиб ижоди гуркираб келаётган бир пайтда, йигирма етти ёшида ноҳақдан «халқ душмани»га чиқарилиб, ҳибсга олинади.

Саид Аҳмад жуда жасоратли адиб эди, у турмуш, мусофирлик машаққатларини мардона енгиб ўтди. Қатағонга учраган адиблар ичида ана шундай ноҳақликларга кулги, юмор билан зарба бера оладиган сўз санъаткорига айланди…

Устоз адибнинг шогирдлари кўп эди. Унинг Дўрмондаги уйи ҳамиша гавжум бўлар, бу ибратли хонадонда адабиёт равнақи, ижоднинг турфа сирлари борасида қизғин суҳбатлар кечар, янги-янги асарлар режалари пишитиларди.

Ҳовлига кирганингизда чапда одам бўйи  келадиган бир оқ гул ўсарди. У бутун ҳовлига файз бағишлаб турар, ҳамма ҳавас билан қарарди. Бу оқ гул устоз Саид Аҳмад учун ардоқли рафиқаси, атоқли адиба ва шоира Саида Зуннунова тимсоли бўлиб хизмат қилар эди. Гулни шоиранинг ўз ўтказган, ўстириб парваришлаган. Адиб оқ гул ёнига бориб, хаёлан у билан кўп марта суҳбат қурар, олий ҳижрон дардларига даво излар эди. Бу ибратли хонадонда адиб ва шоира яна бир гулни — ардоқли фарзандлари оқила қиз Нодирахонни ҳам асраб-авайлаб ўстириб вояга етказдилар.

Одамлар, қадрланг бир-бирингизни,

Гул ҳам, муҳаббат ҳам тирикка керак, —

деб ёзганди шоира ўз шеърларидан бирида.

 

Абдулла Орипов:

226…Атоқли адиб Саид Аҳмад…эркин фикрлашга, эркин ижод қилишга кўниккан, табиатан озод инсон эди. Адабиётдаги турли қолиплар, «изм»ларга тоқат қила олмас, балки уларни тушунишни ҳам, удар ҳақида гапиришни ҳам хоҳламас эди.

Саид Аҳмад Абдулла Қаҳҳордан қолган боғда ёлғиз яшар эди. Бизлар қўшни эдик. Эсимда адибга қаҳрамонлик унвони берилган куннинг эртасига табриклагани чиқдим. Тонг палласи, Чотқол тоғлари орасидан қуёш энди кўринай деб турган пайт эди. Саид Аҳмад суянчиқли ўриндиққа гавдасини чалқанча ташлаб, кўзларини юмганча сукутга кетганди. Мен унинг бу ҳолатига узоқ вақт қараб турдим. Унинг бу ҳолати жанглардан ҳориб қайтган, лекин музаффар одамнинг оромига ўхшар эди. Дарҳақиқат, бу инсоннинг бошига кажрафтор ҳаёт ҳам кўргиликларни солган эди. Дейдиларки, уруш ёки турма кўрган одамларнинг феъл-атворида оғир асоратлар учрайди. Лекин бу инсон барча ташвишларни гўёки ичига ютиб, ҳаётсеварлигини сақлаб қололган эди.

Саид Аҳмад ака ҳазил-мутойибага ғоятда ўч одам эди. У вақти келиб ўзига ҳайкал қўйилишини ўйлаганми-йўқми, буни билмайман, лекин гоҳи суҳбатларимизда «Агар менга ҳайкал ўрнатмоқчи бўлсаларинг, шоҳсупасини ясаб қўя қолинглар, ўзим ҳар куни унинг устида икки-уч соат тик туриб бераман», деб мутойиба қилар эди. Қарангки, бугун Саид Аҳмад ва Саида опа ҳайкаллари халқимиз бамисоли кафтида турибди.

Ушбу ёдгорлик Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор ҳайкаллари сафида тургани ҳам ғоятда ҳаётийдир. Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ўша устозларининг этакларидан тутиб, меҳрларидан баҳраманд бўлиб келганлар. Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги лавҳада шундай бир лавҳа бор: Абдулла ака чорпоя устидаги ёстиққа ўқиб турган бир китобни қўйиб, ўринларидан турадилар. Фильмда ёстиқ устидаги китобнинг муқоваси яққол кўриниб туради: Саид Аҳмад. «Уфқ». Бу ишора ғоятда рамзийдир. Демак, Абдулла Қаҳҳорнинг бир шогирдидан кўнгли тўлган…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасидан.