АҚШ Сенати иммиграция ислоҳотлари тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Senate-vote-68-to-32-e1372364721112

АҚШ Сенати  мамлакатдаги жуда кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган иммиграция ислоҳотлари ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ушбу қонун лойиҳаси 11 миллион нафар ноқонуний иммигрантга амнистия эълон қилиб, уларнинг Америка фуқаролигини олишига замин яратади.

Ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб 68 нафар сенатор овоз берган бўлса, 32 нафари қарши чиққан. Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича турли баҳслар йил бошидан бери олиб борилди. Натижада Мексика билан чегарани мустаҳкамлаш учун 46 миллиард доллар ажратиш ҳамда виза бериш тизимини модернизация қилишга оид нормалар ҳам қонун лойиҳасидан ўрин олди.

Барак Обама Сенатдаги овоз бериш жараёнидан сўнг, мамлакат Конгресси юқори палатаси қарорини олқишлаган. “Сенат бугун ўз ишини қилди, энди навбат Вакиллар палатасига”, деди Обама, жумладан.

Аммо таҳлилчилар қонун лойиҳаси Вакиллари палатасидан ўтиши оғир кечишини маълум қилишмоқда. Зеро, у ерда республикачилар партияси кўпчилик овозга эга. Чунончи, Вакиллар палатаси Спикери Жон Бейнер (Республикачиларнинг қуйи палатадаги етакчиси) кўплаб ҳамкасблари қарши бўлган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламаслигини айтиб ўтган.

Бир неча ҳафта бурун партиялардан холи комиссия ушбу масалада махсус маъруза тайёрлади. Унга кўра, иммиграция ислоҳотлари тўғрисидаги қонун лойиҳасининг амалга жорий этилиши мамлакат бюджети тақчиллигини 10 йил давомида 175 миллиард долларга қисқартириш имкониятини беради.

Шуни айтиш керакки, янги қонун лойиҳасига кўра, ноқонуний иммигрантлар 500 доллар эвазига вақтинчалик рўйхатдан ўтган иммигрант мақомини олишади, у олти йил давомида амал қилади. Эътиборли жиҳати, уни узайтириш ҳам мумкин. Мазкур қонун лойиҳаси АҚШга 2011 йил 31 декабрга қадар кириб келган ҳамда ўшандан бери мамлакатда бўлган ҳамда оғир жиноят содир этмаган ноқонуний иммигрантларга татбиқ этилади.