Таксим ҳукуматни муроса столига ўтиришга мажбур қилди

b83be49ac4bf7a37c31a558f63c03687

Туркия бош вазири Ражап Тайип Эрдоғон ўз ҳукумати сиёсатига қарши икки ҳафтадан бери намойиш ўтказиб келаётган фуқаролар билан учрашишга розилик билдирди. Кеча кечқурун ўтказилган учрашув натижасига кўра, Гези истироҳат боғини таъмирлаш бўйича баҳсли “лойиҳа” вақтинча музлатиб қўйиладиган бўлди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича Истамбул аҳолиси ўртасида референдум ўтказиладиган бўлди.

Анқарада намойишчилар вакиллари билан ўтказилган учрашув қарийб уч соат давом этди. У Истамбул полицияси томонидан Гези боғи атрофидаги намойишчиларни тарқатиб юбориш бўйича чоралар кўриш амалиётидан олдин ўтказилди.

Ушбу учрашувга қадар Эрдоғон кескин баёнот билан чиқиб, “ҳуқуқбузарларнинг майдон бўйлаб гап сотиб юришларига йўл қўйиб бўлмайди. Мамлакатимизда “кўча шоуси” даври тугади”, деб айтган эди.

Кескинлик борган сари кучайиб боришига гувоҳ бўлган ҳукумат вакиллари барибир намойишчилар билан музокара йўлини танлашга мажбур бўлди. Чунки кўпчилик сиёсатчилар ҳукумат мулоқотдан воз кечиб, уларга нисбатан куч ишлатишда давом этса, мамлакатда вазият издан чиқиб кетиши мумкинлиги билан огоҳлантирган эди.

Намойишчилар қўмитаси вакиллари билан учрашувда Бош вазир, амалдаги ҳукуматни бошқараётган Адолат ва тараққиёт партияси вице-раиси Хусайн Челик қатнашди. Намойишчилардан эса Туркияда кўзга кўринган олимлар ва маданият арбоблари вакил бўлди. Ўз навбатида, Истамбул музофоти губернатори Авни Мутлу ҳам намойишчилар билан Таксим майдони ва Гези боғида учрашишга қарор қилган.

Учрашув якунларига кўра, Гези истироҳат боғи таъмири “музлатиб турилади”, унинг тақдири Истамбул аҳолисининг референдумда билдирган муносабатига боғлиқ. Шунингдек, ҳукумат вакиллари ҳаддан ташқари куч ишлатган полиция ходимларини тергов қилишга ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, шарҳловчимиз Мурод Ғофуров ўз шарҳида намойишлар Таййип Эрдоған ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси учун ўзига хос “сигнал” бўлиб, халқ билан мулоқотга эътиборни янада кучайтириши, Эрдоған айни пайтда фақатгина ўз электорати ҳукумати бўлмасдан, балки бутун туркияликларга раҳнамо бўлишга интилиши керак, деган фикрни билдирган эди.