ЎзДЖТУ Ўзбекистонда чет тиллар таълимининг “бошлиғи” бўлди

gazeta.uz
gazeta.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз қарори билан чет тилларини ўрганишни янада ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, олий таълим муассасалари учун чет тиллари юқори малакали ўқитувчиларини тайёрлаш даражаси ва сифатини юксалтириш чора-тадбирларини амалга оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети чет тиллари бўйича узлуксиз таълим тизимининг республика базавий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгилади.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети чет тилларини ўргатишнинг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникациявий технологияларига эга бўлган умумтаълим мактаблари, касб-хунар коллежлари ва академик лицейлар, олий таълим муассасалари учун чет тиллари бўйича юқори малакали ўқитувчиларни тайёрлайди. Қарорга кўра, зарурат тақозо қилганда, халқаро консультантларни жалб этган ҳолда бутун узлуксиз таълим тизими учун чет тиллари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини, ўқув ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва доимий тарзда такомиллаштириб боради.

Аввало, педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги профилли олий ўқув юртлари ва муассасаларида чет тиллари ўқитувчилари ва услубчиларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширади.

Айни чоғда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузурида Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказини ташкил этилади.

2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига бакалаврлар тайёрлаш бўйича 1350 киши, шу жумладан, давлат грантлари буйича — 385 киши, магистрларни тайёрлаш буйича — 131 киши, шу жумладан, давлат грантлари буйича — 19 киши қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида дарс бериш учун чет тили мутахассисларини жалб этишда, шунингдек, чет тиллари бўйича ўқитувчи ва мутахассисларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш учун дунёнинг етакчи университетлари билан яқин алоқани йўлга қўйишда доимий асосда кўмаклашиш кераклиги юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили қабул қилинган Президент қарори билан мамлакатда инглиз тилини оммавий тарзда ўргатишга киришилди.