Аюб Шаҳобиддинов: “Ўзбек киносида иккита мактаб ривожланмоқда”

review.uz/
review.uz/

Маълумки, яқинда Нью-Йоркда Евроосиё фильмлари кинофестивали бўлиб ўтди. Унда турли мамлакатлар киноижодлари томонидан суратга олинган 25 дан ортиқ фильмлари намойиш этилди. Ҳамюртимиз Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган “Паризод” фильми энг яхши режиссура йўналишида бош мукофотга сазовор бўлди.

Таниқли ёш режиссёр Аюб Шаҳоббиднов “Экономическое обозрение” журналига берган интервьюсида айтишича, у учун давлат киносида ҳам, хусусий киноларда ишлаш ҳам бир хил аҳамият касб этади. “Ваҳоланки, менинг давлат ва хусусий кинолардаги ишларим ҳақидаги фикрлар қарама-қарши… Масалан, тижорий йўналишда суратга олинган “Телба” фильмим M&TV Award — 2008 да тўртта йўналишда ғолиб бўлган эди. Айни пайтда “Евроосиё” кинофестивалида аксарият танқидчилар мендек режиссёр учун бундай фильмлар “минус” эканлигини айтишган. Ёки кинотанқидчилар ва киноматографлар “Ўтов” фильмимни мақтаган бўлса, омма қабул қилмади. Чойхонадаги ўртоқларимга “Телба” жуда ёққан, “Ўтов” эса улар учун тушунарсиз”, дейди у.

Режиссёрнинг айтишича, бугунги кунда тижорат фильмларининг бюджети шу даражада камайиб кетдики, костюмлар бўйича рассомни ёллашнинг ҳам иложи йўқ. Фильмлар кўпайган сари кетган харажатларни икки-уч баравар қилиб қайтариб олиш имконияти бўлмаяпти. Бир неча йил бурун уч баровар қилиб чиқариб олса бўларди. Ўшанда вазият ижобий тарафга ўзгаради, дейишганди. Афсус, тескариси бўлиб чиқди.

“Ўзбекистонда тижорат кинолари ўзига хос қонун билан яшайди. Масалан, прокатга хит-фильм чиқади. Уч-тўрт йил худди шу йўсинда 30-40 фильм суратга олинади. Бу жараён томошабиннинг медасига теккунча давом этади. Бундай пайтда фильмларнинг бюджети сезиларли даражада қисқаради. Манимча, ўзбек тижорат кинолари ҳозир шу ҳолатда турибди. “Денгиз сатҳидан уч метр баландликда”га ўхшаган кино суратга олиниши керак, ҳамма кўчиришни бошлайди”, дейди режиссёр.

Режиссёрнинг айтишича, агар тижорат фильми ўзбек кино бозорида хитга айланса, аҳолининг 80 фоизи уни кўради. “Ўзбекфильм”нинг маҳсулотини эса 10-15 фоиз томошабинлар кўради, холос. Агар фильм халқаро мукофотни оладиган бўлса, маҳаллий телевидение уни намойиш этади. Ўшанда бу фоиз миқдори ортиши мумкин.

“Бугун ўзбек киносида иккита мактаб ривожланмоқда. Бири Юсуф Розиқов, Ёлқин Тўйчиев ва Баҳодир Одиловларнинг фильмлари бўлиб, уларни Эрон киноларига ўхшатиш мумкин. Бу кинолар фикрлашга ундайди, қизиқ персонажлари бор. Бу киноларда Шарқ сезилиб туради”, дейди А.Шаҳобиддинов.

Унинг фикрича, яна бир йўналиш, шартли айтганда, “Қайнона-келин” йўналишидаги кинолар бўлиб, уларни ҳинд киносига муқосаялаш мумкин.

“Халқаро фестивалларда қатнашаётган ўзбек кинолари анча вазмин бўлиб, уларнинг сюжетини олдиндан айтиб бўлмайди. Киномунаққидлар ўзбек киносига юксак баҳо қўя туриб, уларга “ўзбек киноси ўша жозибаси” қайтганини эътироф этишади. Профессионаллар бу ўринда Шуҳрат Аббосов ва бошқа киноусталари томонидан суратга олинган 60-80 йиллар фильмларини назарда тутишган. Бу фильмлар ҳеч қачон томошабинни зериктирмайди”, дейди А.Шаҳобиддинов.

Режиссёрнинг айтишича, у Тимур Бекмамбектов сингари машҳур бўлишни истамайди. “Мен томошабинларга йилдан-йилга ёқадиган ҳамда хит фильмлар суратга оладиган одам бўлишни истамайман ва қўлимдан келмайди. Бу мен учун эмас. Мен муаллифлик кино режиссёриман”.

Суҳбат матни билан мана бу ҳавола орқали танишиш мумкин.