Фазлиддин Қурбоновга янги адвокат тайинланди

kurbanovАйдаҳо штатининг Бойсе шаҳрида терроризмда айбланиб ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновга янги адвокат тайинланди. AP хабар қилишича, федерал судья Чарльз Петерсонни Фазлиддин Қурбоновни ўз ҳимоясига олишни тайинлаган. Эслатиб ўтамиз, биринчи суд эшитувида Қурбонов ўз айбларини тан олмаган эди.

Қурбоновнинг собиқ адвокати Ричард Рубин унинг адвокатлик идораси бюджет харажатлари қисқариши муносабати билан уни ҳимоя қилишни тўхтатган.

Чарльз Петерсон саудиялик талаба Сами Ал-Ҳусайнни ҳимоя қилиб, унинг судни ютишига хизмат қилган.

Айблов хулосасида келтирилишича, Қурбонов 2012 йилнинг августидан 2013 йилнинг май ойига қадар АҚШ террористик ташкилот сифатида тан олинган “Ўзбекистон исломий ҳаракати” ташкилотининг қатор вакиллари билан уларга ёрдам кўрсатиш бўйича  мулоқотда бўлган. Унинг бундай “ёрдами” компьютер дастурлари ва пул маблағлари кўринишида бўлган. Ўзбекистон исломий ҳаракати кўплаб мамлакатларда террористик ташкилот сифатида рўйхатга киритилган.

Қолаверса, тергов маълумотларига кўра, у 2012 йил 15 ноябрь куни портловчи қурилма тайёрлаш учун керак бўладиган моддаларга эга бўлган. Унда қўл гранатасининг корпуси, алюмин кукуни ва селитра бўлган. Қурбоновнинг ҳамтовоқлари ҳақида маълумотлар эълон қилинмаган.

Қурбоновга, шунингдек, қўшни Юта штати прокуратураси ҳам айблов йўлга қилинган. Ушбу штатда у портловчи моддалар ҳақида ахборот тарқатганликда айбланмоқда.